A+ R A-

Жаҳон 24 соат ичида

Кутилмаган кўчки

Франция шарқидаги Вогез номли тоғли ҳудуд бетакрор табиати билан дунёга машҳур. Бу ерга ҳар йили минглаб сайёҳлар, айниқса, альпинистлар ташриф буюришади.

Яқинда мазкур тоғларни забт этишни мақсад қилган икки нафар спортчи бахтсиз ҳодисага учради. Улар қор кўчкиси остида қолиб кетди. Тасодиф туфайлигина иккала альпинист ҳам соғ-саломат. Уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ажабланарлиси, Вогез тоғларида бир неча йиллардан буён қор кўчкиси кузатилмаётган эди.

Компания ноутбуклари ўғирлаб кетилди
“Франс пресс” ахборот агентлигининг маълум қилишича, “Coca-Cola” компаниясидан 74 минг нафар ходимга тегишли маълумотлар сақланаётган бир нечта ноутбуклар ўғирлаб кетилган.
Айни пайтда улар ким томонидан ва нима мақсадда ўғирлангани  маълум эмас. Компания матбуот котиби Энн Мурнинг айтишича, ўша ноутбукларда қайси ходимлар ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бирига ёзма равишда тушунтириш берилмоқда.

Fолиблар аниқланди
АҚШ режиссёрлари Гильдияси 2013 йил якунлари бўйича энг яхши кинофильмлар номини эълон қилди.
“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, режиссёр Альфонсо Куарон томонидан суратга олинган “Гравитация” илмий-фантастик фильми “Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида ғолиб, деб топилди. Рақобатда у “Капитан Филлипс”, “Қулликнинг 12 йили”, “Америкача айёрлик” ва “Уолл-стритлик бўри” фильмларини ортда қолдирди. Умуман, ушбу картиналар шу йилнинг баҳор ойи бошларида ўтказиладиган “Оскар” мукофотига ҳам асосий номзод ҳисобланади.
Маросимда, шунингдек, “Энг яхши телефильм режиссёри”  номинациясидаги бош мукофот Стивен Содербергга “Қандил ортида” номли картинаси учун берилди.

Сердаромад концертлар
“Pollstar” нашри дунё бўйича ўтган йил давомида энг кўп даромад келтирган ва юксак савияда ташкил этилган концертлар рўйхатини нашр қилди.
Мазкур рейтингда биринчилик хонанда Бон Жовига насиб этди. У 2013 йилда “Чунки биз амалга оширамиз” номли концерт дастурини бир нечта мамлакатларда муваффақиятли ўтказди. Бундан ташқари, қўшиқчининг “Ҳозирча” номли мусиқий альбоми тингловчилар ўртасида анча оммалашди. Бу ижодий изланишлар Бон Жовига поёнига етган йилнинг ўзида 259,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ келтирди.
Кейинги ўринларни хонандалардан Бейонс (188 млн.), Пинк (170,6 млн.) ва Жастин Бибер (170 млн.) эгаллади.

Меҳмонхонада чақирилмаган «меҳмон»
Ўзга юртда саёҳат қилиб юрганингда сени нималар кутаётганини олдиндан билолмайсан.
Англиялик эр-хотин Боб ва Ирэн Маккеонлар Калифорнияга қилган саёҳатлари давомида бунга яққол амин бўлишди. Гап шундаки, бу оила меҳмонхонадан чиқаётган пайтда ташқарида уларни айиқ кутиб турганди. Дафъатан эшикнинг шундоққина ёнгинасидаги жониворни улар пайқашмади. Сўнг Маккеонлар машиналари томон юришди. Шунда айиқ овоз чиқариб, уларни қувлай бошлади. Ирэн автомобилга тезда ўтириб олди. Унинг турмуш ўртоғига эса айиқ бир озгина жароҳат етказди.
Бу ҳодиса меҳмонхонанинг кузатув камералари орқали тасвирга тушиб қолган. Ҳозир ушбу видео интернетда кўпчилик томонидан катта қизиқиш билан томоша қилинаяпти.

Шифокор робот
Хорватиянинг Загреб университетида аутизм хасталигига чалинган болаларни аниқлашга мўлжалланган робот яратилди. Унга “Рене” деб ном берилди.
Мазкур робот шифокорлар ишини анча осонлаштириши таъкидланмоқда. Чунки у хасталикни эртароқ ва аниқ айтиб бериши мумкин. Университет илмий ходими Майя Сепанекнинг изоҳлашича, қурилма аутизмнинг қайси босқичда эканлигига ҳам ойдинлик кирита олади.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года