A+ R A-

Жаҳон 24 соат ичида

Савдода пешқадам

“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ўтган йилда дунё миқёсида автомобиль сотиш бўйича Япониянинг “Toyota” компанияси етакчи бўлди.

Хусусан, ушбу даврда у 9,98 миллион дона маҳсулотини пуллашга эришган. Бу аввалги йилдагига нисбатан 2,4 фоиз кўпдир. “Toyota” жорий йилда ушбу кўрсаткични 10 миллион донага етказишни мўлжалламоқда.

Ижобий силжиш кутилаяпти
2013 йилнинг тўртинчи чораги якунида Испанияда ишсизлик даражаси 26 фоизга етди.
Меҳнатга лаёқатли ёшларнинг эса 55 фоизи бекорчиликда кун кечираяпти. Бу кўрсаткичлар бўйича мазкур давлат евроҳудудда Грециядан кейинги иккинчи ўринни банд этиб турибди.
Маълумки, 2013 йилнинг куз ойларида Испания иқтисодиёти рецессия ҳолатидан чиққан эди. Аммо ўсиш суръатлари бир оз суст кечаётгани боис бўлса керак, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳали ижобий силжишни сезмаганликларини айтишмоқда. Экспертларнинг фикри эса бошқачароқ. Масалан, “X-Trade Brokers” компанияси брокери Хавьер Уронеснинг таъкидлашича, мамлакатда меҳнат бозорини барқарорлаштириш чоралари кўрилаяпти. Бунинг самараси жорий йил давомида кўзга ташланади. Яъни кўплаб янги иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

Ортиқча вазнга қарши
Европалик бир гуруҳ диетологлар ортиқча вазндан азият чекаётганлар учун махсус дори воситаси яратишди.
“Obalon” дея номланган мазкур инновацион препарат одам ошқозонига тушганидан сўнг муайян ҳажмгача шишади ва ўзидан микроэлементлар чиқаради. Натижада уни қабул қилган мижоз очликни сезмайди. Мутахассисларнинг изоҳлашича, “Obalon” инсон саломатлиги учун мутлақо безарар. Уни қабул қилиш учун ҳеч қандай жарроҳлик амалиёти ҳам зарур эмас. Препарат ўн дақиқада ўз функциясини бажаришга киришади.

Ноқулай об-ҳаво оқибати
АҚШнинг Мичиган-Сити шаҳридаги (Индиана штати) трассалардан бирида йирик йўл транспорти ҳодисаси рўй берди.
“CNN” телеканали хабарига қараганда, бу ерда 15 та юк машинаси ва яна шунча енгил автомобиль тўқнашиб кетган. Оқибатда уч киши ҳаётдан кўз юмган,
20 нафар одам эса жароҳат олган. Фавқулодда ҳодиса туфайли шоссенинг бир йўналишида қатнов вақтинча тўхтатилди.
Воқеа сабаби ҳали расман изоҳланганича йўқ. Аммо бу ноқулай об-ҳаво шароити билан боғлиқ экани эҳтимолга жуда яқин. Чунки Мичиган-Ситида қалин қор ёғиб, йўллар музлаганди.

Футбол ва бизнес
“Deloitte” аудиторлик компанияси ўтган мавсумда энг кўп маблағ ишлаб олган футбол клублари рўйхатини эълон қилди.
518 миллион евро миқдорида маблағ жамғарган Испаниянинг “Реал” (Мадрид) жамоаси ушбу рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги поғоналарни мазкур мамлакатнинг “Барселона” (482,6 млн.) ва Германиянинг “Бавария” (431,2 млн.) клублари банд этган.
Англиянинг “Манчестер Юнайтед” жамоаси биринчи марта кучли учликка кира олмади. Булардан ташқари, биринчи ўнталикдан “Пари Сен-Жермен” (Франция), “Манчестер Сити”, “Челси”, “Арсенал” (Англия), “Ювентус” ва “Милан” (Италия) клублари ҳам жой олган.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года