A+ R A-

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Бугунги кун ёшларининг интилишлари, қизиқишлари ўзгача. Орзулари  юксак. Муҳими, уларнинг эртанги кундан кўнгиллари тўқ.

Чунки мамлакатимизда навқирон авлод вакилларининг ўқишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланаётган ёшларнинг орзулари ушалмоқда, мақсадлари рўёбга чиқаяпти.
 “Энг гуллаган ёшлик чоғимда...” саҳифасининг навбатдаги сонида БУХОРОлик ана шундай ёшлар ҳақида сўз боради.

Касбим меҳрга йўғрилган
Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино таваллуд топган Афшона қишлоғидаги замонавий тиббиёт коллежида таҳсил олдим. Ҳозир қишлоқ врачлик пункти ҳамширасиман.
Коллежда олган билимларим, жамоамиздаги тажрибали шифокорларнинг кўмаги касб маҳоратимни оширишимда асқотмоқда. Ўзимни, айниқса, аёллар ва болалар саломатлиги муҳофазасида масъул, деб ҳис этаман. Сидқидилдан қилган меҳнатим самара бериб, 2013 йилда “Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси” кўрик-танлови республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгалладим. Бу ютуқ кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди.
2014 йилнинг Президентимиз таклифи билан “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани тиббиёт соҳасидаги  минглаб ёш мутахассислар қатори мени ҳам руҳлантириб юборди.
Ҳамшира сифатида зиммамдаги масъулият янада ошди деб ўйлайман. Чунки соғлом болани вояга етказишда соҳамизнинг  ўрни, касб маҳоратимизнинг аҳамияти бениҳоя катта.
Қишлоқ врачлик пунктимиз 3800 нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Фертиль ёшидаги 1042 нафар аёл бор. 14 ёшгача бўлган болалар сони эса 1014 нафарни ташкил этади. Биз, шифокорлар шу  ўғил-қизларнинг соғлом вояга етишларига дахлдор эканлигимиздан фахрланамиз. Пунктимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт- шароит яратилган. Аҳоли тиббий маданиятини ошириш мақсадида тарғибот- ташвиқот ишларини кучайтираяпмиз. Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, тўғри овқатланиш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, гўдакни она сути билан парваришлаш, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўз натижасини бераяпти.
Касб тақозосига кўра деярли ҳар куни хонадонларда бўламиз. Оналар билан суҳбатлашамиз. Боласи соғлом ўсаётган оналар кўзидаги қувончни кўриб, улар шодлигига шерик бўламиз. Болажонларнинг беғубор кулгисидан дил яйрайди. Бу кулгидан борлиқ янада чирой очади. Олам тароватига тароват қўшилади.

Моҳинахон FАНИЕВА,
Пешку туманидаги «Деҳдароз» қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси.

Авлодлар эҳтироми
Мустақиллик йилларида барпо этилган Бухоро маданий маркази, оз эмас-кўп эмас, 107 гектар майдонни эгаллаган. Илгари бу ҳудуд қаровсиз ётган  кўлу пала-партиш ўсган дов-дарахтлардан иборат кўримсиз бир жой эди. Инсон қўлини гул дейишганича бор. Президентимиз ташаббуси ва ғоялари асосида бу ерда муҳташам марказ  барпо этилди. Ноёб дарахтлар, анвойи гуллар  парвариш қилинаётган боғда учта йирик иншоот — 700 ўринли вилоят мусиқали драма театри биноси, икки минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр ҳамда “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи жойлашган.
Маданий марказдаги барча йўлаклар монументга келиб туташади. Зинапоялар орқали кўтарилганингизда дастлаб эътиборни зарҳал кошинлар тортади. Унда “Бухоро тупроғи олтинга тенг” деган фалсафий маъно мужассам. Монументда Бухоро заминида етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Битиклар тепасида эса “Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, деган ҳадис ўзбек, инглиз ва араб тилларида ёзиб қўйилган. Монумент марказидаги уч авлод тасвирида ҳам  фалсафий маъно бор. Унда ҳаётнинг абадийлиги, умрнинг ўткинчилиги, бу дунёда фақат эзгу амалларгина қолиши ҳақидаги умумбашарий мазмун сингдирилган.
— Президентимиз 2010 йилнинг
30 август куни Бухорога ташриф буюрганларида ҳар бир киши монументда ифодаланган бу ғоялардан хулоса чиқаришини, уларнинг мазмун-моҳиятини барчага, биринчи навбатда, ёшларимизга кенг ва чуқур тушунтириш лозимлигини таъкидлаган эдилар, — дейди  вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Адолат Акрамова. — Биз шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятимиз ёшлари иштирокидаги оммавий тадбирларни айнан мазкур марказда ташкил этаяпмиз. Ўғил-қизларни ташкилотимизга аъзоликка қабул қилишга бағишланган маросимни ҳам монумент қошида ўтказиш анъана тусини олган.
— Шаҳримизда теннис бўйича кўплаб мусобақалар ўтказилгани боис бошқа вилоятлар ва ҳатто, чет эллардан ҳам дўстлар орттирганман, — дейди Бухоро давлат университети талабаси, спорт устаси Азизбек Луқмонов. — Уларнинг “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументини ҳавас билан томоша қилганларини кўриб, ғурурланаман. Шундай бунёдкор элимизга муносиб фарзанд бўлиш мақсадини дилимга тугаман...   
Дарҳақиқат, маданий марказ бухороликлар ва юртимиз меҳмонларининг севимли маскани саналади. Мустақиллик, Наврўз байрамлари тантаналари айнан шу ерда ўтказилаяпти. Қадимий шаҳарга келган сайёҳлар ҳам “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументини, албатта, зиёрат қилишади. Зеро, ушбу маданий марказ эртанги кунга, нурли истиқболга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, замондошлар қалбида ифтихор, ҳавас туйғусини уйғотади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Саодатли юртнинг бахтли қизиман
Қоракўл туманидаги 3-академик лицей ўқувчисиман. Буни алоҳида таъкидлашимнинг боиси бор. Ушбу лицейнинг ўнлаб ўқувчилари мамлакат, жаҳон ва халқаро миқёсда ўтказилган бир қанча фан олимпиадалари ғолиблари сафидан ўрин олишган.
Ўзимга келсак, “Билимлар синови”нинг инглиз тили фани бўйича вилоят босқичи ғолиби сифатида шу нуфузли таълим масканида  ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Бунгача туманимиздаги 52-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида  таҳсил олдим. Интилишларим зое кетмаяпти. “Мустаҳкам оила — оқибатли болалар” шиори остида ўтказилган иншолар танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгалладим. Қатор кўрик-танловларда яхши натижаларга эришдим. Бадиий таржима билан шуғулланиб, инглиз халқ эртакларини ўзбек тилига  ўгирдим. “Беғубор олам” деб номланган тўпламим чоп этилди. Спорт ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланиб ҳам кам бўлаётганим йўқ. Бобожоним раҳбарлигидаги фермер хўжалиги қошида ташкил этилган цехда қоракўл теридан бежирим либослар тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилаяпти. Бўш пайтимда шу цехда тикувчилик сирларини ўрганаман. Дизайнерликка қизиқаман.
Ўқиш ҳамда жамоат ишларидаги фаоллигим инобатга олиниб, 2013 йилда Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Бугун, биз, ёшларга ҳатто, хориждаги тенгдошларимиз ҳам ҳавас қилаётгани бежиз эмас. Илм олишимиз, касб-ҳунар  ўрганишимиз, бўш вақтимизни мазмунли ўтказишимиз учун давлатимиз томонидан барча қулайликлар муҳайё этилган. Лицейимизнинг замонавий ўқув биноси, фан лаборатория хоналари,  ахборот-ресурс марказидаги шарт-шароитларни кўриб, кўз қувонади. Бизга ўз касбининг фидойиси бўлган муаллимлар сабоқ беришмоқда. Қисқача айтганда, билимимизга билим қўшиш, ўз иқтидоримизни юзага чиқариш учун имкониятлар етарли. Ана шуларни ўйларканман, мана шу заминда туғилганимдан фахрланаман, ўзимни Ўзбекистоннинг бахтли қизи деб биламан. Шундай юртга муносиб бўлиш масъулияти мени янги мақсадлар сари ундайди.

Нафосат ЖЎРАБЕКОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

 

ЖАМОАДА ЎЗ ЎРНИМИЗ БОР
Қоровулбозор саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежини 2011 йилда тугатиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишга кирдим. Коллежда таҳсил олиб юрганимда бир гуруҳ тенгдошларим қатори ўқув амалиётини айнан ушбу корхонада ўтагандим.
Шу жараёнда назарий билимларни бевосита амалиётда қўллаб, маълум бир иш кўникмасига эга бўлганим қўл келди. Ҳеч қийналмай ишга киришиб кетдим. Насос ва компрессорларнинг ишлаш жараёнини назорат қилиб бораман. Малакамни оширишга ҳаракат қиламан. Интилишларим зое кетмаяпти. Жамоада ўз ўрним бор. Яқинда иш разрядимни оширишди. Бунда устозим Хурсанд Раҳимовнинг хизматлари катта. У киши менга ўхшаган кўплаб ёшларнинг яқин маслаҳатчиси. Иш жараёнида нималарга эътибор бериш зарурлигини қунт билан тушунтирадилар. Билмаганларимизни ўргатадилар. Умуман, корхонамизда “Устоз — шогирд”  анъанаси яхши йўлга қўйилган. Ёшларга эътибор бўлакча. Яқинда вилоятимиздаги бир қатор коллежларни тугатган йигит-қизлар ҳам сафимизга келиб қўшилишди. Шунда атайин қизиқиб кўрдим: заводимиз ишчи-хизматчиларининг 1200 нафардан зиёдини ёши ўттизгача бўлганлар ташкил этар экан. Уларнинг унумли меҳнат қилишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, тураржой шароитларини яхшилаш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Нефтчилар шаҳарчасида қад ростлаган замонавий коттежлар, “Ёшлар меҳмонхонаси”, маданият саройи, спорт иншоотлари шулар жумласидандир.
Биласиз, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёдаги энг йирик саноат корхоналаридан бири саналади. Мустақиллик йилларида барпо этилган шундай истиқболи порлоқ корхонада меҳнат қилаётганимдан, бу орқали жамиятимизга, ота-онамга наф келтираётганимдан хурсандман. Интилган, изланган, ўз олдига аниқ бир мақсадни қўйган киши ниятига, албатта, етади. Бунга ўз тақдирим мисолида ишонч ҳосил қилдим.

Жаҳонгир САИДОВ,
Бухоро нефтни қайта ишлаш корхонаси ишчиси.

Лойиҳам эътироф этилди
Инсон доимо ўз турмуш шароитини янада яхшилашни ва бунда иқтисодий жиҳатдан тежамкор ресурслардан фойдаланишни истайди.
Бу ниятга эса меъморий ечимларсиз эришиб бўлмайди.
Негаки, архитектор бино тарҳини чизаётиб, бўлғуси иморатнинг табиий иқлимга мос бўлишини, албатта, ҳисобга олади. Унинг қишда иссиқ, ёзда салқин туриши ҳақида ўйлайди.
Тураржой табиий иқлимга мос тарзда қурилса, уни қишда иситиш, ёзда салқин тутишга сарфланадиган энергия манбалари тежалади. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имкониятлари юзага келади. Агар тарихга назар ташласак, ота-боболаримиз азалдан шу жиҳатларни ҳисобга олишганига гувоҳ бўламиз. Уйлар қуёшга қарата қурилган. Қолаверса, Бухоро шароитида ички ва ташқи ҳовлилар бўлган. Қиш фаслида оила аъзолари жанубга қарата барпо этилган уйларда, ёзда эса шимолга қарата қурилган хоналарда истиқомат қилишган. Жазирама иссиқ кунларида  дарвозахона ҳамда ертўла деразалари орқали шамол ўтиб, ҳовлида мўътадил иқлим ҳосил қилинган. Қурилишда сомон, ёғоч каби табиий ресурслардан оқилона фойдаланилган. Бинобарин, энергия тежамкор уй-жойлар қуришда тарихан шаклланган тажрибага замонавий ёндашув керак. Мен шундан келиб чиққан ҳолда устозим, доцент Шамсиддин Мирзаев раҳбарлигида экоконструкциялар яратиш устида изланишлар олиб бораяпман.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам яшаш учун қулай, экологик жиҳатдан мақбул бинолар лойиҳаларини тайёрлаш йўлидаги ҳаракатларим зое кетмаяпти. Чунончи, “Архитектуранинг беш фасади” халқаро кўрик-танловида лойиҳам билан қатнашиб, фахрли учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Яқинда институтимизда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган кўргазмада бир гуруҳ талабалар қатори мен тайёрлаган ишланмалар ҳам намойишга қўйилди.
Мақсадим, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишиш ва юртдошларимиз учун экологик қулай, энергия тежовчи уй-жойлар лойиҳаларини тайёрлашдир.

Темур НИГМАТОВ,
Бухоро муҳандислик-технология институти талабаси.

Мумтоз санъатимиз маҳлиёсиман
Онажонимнинг эслашларича, уч яшарлигимда куйлаган эканман. Когон шаҳридаги  8-умумтаълим мактабини тугатиб, Бухоро санъат коллежида  анъанавий хонандалик йўналишида ўқиб юрган кезларимда бир нарсани англаб етдим: мусиқасиз яшай олмас эканман.
Устозларимдан жуда миннатдорман. Айниқса, мусиқа ўқитувчим Моҳира Худойбердиева ҳамда Матлуба Якубова, Раҳматилло Иноятов, Ориф Атоев сингари миллий санъатимиз жонкуярлари қўлида сабоқ олган дамларимни ҳеч қачон унутмайман. Негаки, айнан шу устозларимнинг санъат сирларини қунт билан ўргатишлари туфайли бирин-кетин ютуқларга эриша бошладим. Масалан, 2009 йилда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Худди шу йили ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёш ижрочилар” танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдим. 2010 йилда эса  ёш ҳаваскорлар ўртасидаги танловнинг мақом йўналишида республика ғолиби деб топилдим. Ўзбек мумтоз санъати намуналарини ижро этиб, халқимизга манзур қилиш йўлидаги изланишларим ўз эътирофини топди. 2013 йилда “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлдим. Буни биз, ёш санъаткорларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик намунаси, деб биламан. Мамлакатимиз, жумладан, Бухорода ёш иқтидор эгаларининг мусиқий таълим олишлари учун барча нарса муҳайё этилган. Замонавий ўқув бинолари, энг сўнгги русумдаги мусиқа асбоблари ёшлар ихтиёрида. Шуларни бир-бир кўз олдимга келтириб, эл-юрт олдида ўзимни қарздор ҳис қиламан.
Айни дамда Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олаяпман. Пойтахтимизда ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашиб, ўзбек мумтоз санъати намуналаридан ихлосмандларни баҳраманд этаяпман. Бўш пайтларимда устоз санъаткорларнинг қўшиқларини тинглаб, улар ижодидан руҳланаман. Улардек ўлмас қўшиқлар яратишни орзу қиламан.

Дилфуза ҚОБИЛОВА,
«Ниҳол» мукофоти совриндори.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года