A+ R A-

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Энг гулаган ёшлик чоғимда

Инсон орзу-ҳавас билан яшайди. Айниқса, умр баҳори  — ёшликда ҳар бир йигит-қиз қалбида олам-олам эзгу истаклар жўш уради.

Бундай орзу-умидлар замирида Ватанга муносиб фарзанд бўлиш истаги мужассам, албатта. Бинобарин, мамлакатимиз ёшларига барча шарт-шароит яратиб берилганки, улардан оқилона фойдаланаётганлар катта-катта муваффақиятларга эришаётир. “Энг гуллаган ёшлик чоғимда...” саҳифасининг навбатдаги сонида НАВОИЙлик ёшлар, уларнинг бугунги куни ва интилишлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Масъулият ҳисси
Оилада тўнғич фарзандман. Ота-онам ҳар доим: “Ақлли, ҳушли бўлгин, сен қандай йўл тутсанг, бир кун келиб, укаларинг ҳам изингдан эргашади”, дейишади. Дарҳақиқат, шундай. Ёшлар ҳар бир қадамини ўйлаб босиб, оиласи, элу юрт манфаатини кўзлаб иш тутса, асло кам бўлмайди.
Юртимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жумладан, касб-ҳунар коллежларини битираётган йигит-қизларни ишга жойлаштириш, айниқса, уларни тадбиркорликка рағбатлантиришга беқиёс эътибор қаратилмоқда. Мен ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Ўтган йили кончилик коллежини тугатиб, устозларим билан маслаҳатлашган ҳолда, Навоий шаҳрида “Стандарт Навоий” оилавий корхонасини ташкил этдик. Бу борадаги бизнес лойиҳани коллежда таҳсил олган кезларимдаёқ пухта қилиб ишлаб чиққан эдим. Корхонани йўлга қўйиш учун тижорат банки томонидан ажратилган 25 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаландим. Ҳозирги кунда Хитой технологияси асосида 20 турдаги эркаклар пойабзалини ишлаб чиқараяпмиз.
Тадбиркорлик инновацион технологияларни пухта ўрганишни, бозордаги талаб ва таклифга қараб ҳаракат қилишни талаб этади. Шу мақсадда олинаётган даромадларнинг бир қисмини янги турдаги маҳсулотларни тайёрлашни ўзлаштиришга йўналтираяпмиз. Яқинда Жанубий Кореядан келтирилган 11,5 миллион сўмлик замонавий технология асосида аёллар ва болалар оёқ кийимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.

Нурсултон ШОҲНАЗАРОВ,
«Стандарт Навоий» оилавий корхонаси раҳбари.

Навоий боғи
воҳа ёшларининг энг севимли масканларидан бирига айланган
Вилоят марказида Алишер Навоий номидаги гўзал боғ яратилган. Бу жойда улуғ шоиримизнинг муаззам ҳайкали қад ростлагани кўнгилларимизга фахр ва ғурур бағишлаб туради.
— Авваллари атрофини янтоқ босган, бетартиб кенгликлардан иборат бўлган шаҳримиз боғи бугун таниб бўлмас даражада ўзгарган, — дейди навоийлик отахон Мирсаид Мавлонов.
— Қисқа фурсатда боғ ҳудуди янада кенгайиб, турли бино ва иншоотлар барпо этилгач, бу манзил гулу чаманларга бурканган бўстонга айланди. Бугун фарзандларимиз бу ерда мириқиб ҳордиқ чиқаришмоқда.
Дарҳақиқат, боғда навқирон авлод учун хиёбонлар, ўйингоҳлар, майдончалар, спортчилар учун эса югуриш йўлаклари тайёрлаб қўйилган.
— Кимки ҳазрат Алишер Навоий номи билан аталувчи марказий маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрса, маънавий озуқа ҳам олиши, шубҳасиз, — дейди вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Аброр Султонов. — Навоий ҳазратларининг болалик, ўспиринлик ва йигитлик даврлари ҳамда асарларидаги қаҳрамонлар сиймоси акс эттирилган ҳайкаллар ёшларимизни эзгуликка, яратувчанликка ундаб туради, гўё.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур ҳудудда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, боғ ҳудудининг
3 гектар майдонида жойлашган “Амфитеатр” мажмуаси ўзида 2400 томошабинни қабул қила олади. Мазкур муҳташам иншоот Мустақиллик, Наврўз каби умумхалқ байрамларига, ёшлар иштирокидаги кўргазмалар, миллий ўйинлар фестивали, учрашув ҳамда турли тадбирларга мўлжалланган. Худди шунингдек, боғ ҳудудидаги “Аквапарк” мажмуаси, Ёшлар маркази, ёпиқ сув ҳавзаси каби йирик иншоотлардан ёшлар қадами узилмайди.
Ишончимиз комил, Навоий боғи кундан-кунга яшнаб-яшариб бораверади. Чунки аждодлар хотираси қалбидан ўрин олган, ўз умидига етиш, она-Ватанга хизмат қилиш орзусида келажак сари дадил қадам ташлаётган баркамол авлод учун бу боғ бамисоли куч-қувват, ҳарорат, илҳом манбаидек...
Шундай экан, тўрт фаслда ҳам ям-яшил бўлиб гулларга бурканиб турадиган бўстон бу, десак, айни ҳақиқат.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Жаҳон чемпиони бўлмоқчиман
Зарафшон шаҳридаги академик лицейда ўқийман. Шаҳримизни кончилар шаҳри дейишса-да, бу ерда спортга, айниқса, қизлар спортига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Буни шаҳримиз спортчилари бир неча йилдан буён юртимизда бўлиб ўтаётган кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келаётганидан ҳам билса бўлади.
Ана шундай муҳитда туғилиб, камолга етаётганим боис 5 ёшимдан спортнинг шахмат тури бўйича мунтазам шуғулланиб келаман. Орзуим халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов каби жаҳон чемпиони бўлишдир.
“Яхши ният — ярим давлат”, дейдилар. Мен ҳам ана шу эзгу мақсадда ўз устимда тинимсиз ишлаб келаяпман. Шу пайтгача жаҳоннинг кўплаб давлатларида шахмат бўйича ўтказилган мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритдим. Қолаверса, 2012 йилда Навоий шаҳрида ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида тенгдошларим ўртасида ғолибликка эришдим. Худди шу йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилдим. Бундан ота-онам, яқинларим жуда хурсанд бўлишди. Уларнинг қувончи эса кучимга куч, ғайратимга ғайрат бўлиб қўшилаяпти.
Энг муҳими, биз, ёшлар — ҳамиша эътибор ва эъзоздамиз. Ўқиб-ўрганиш, спорт билан шуғулланиш, тадбиркорлик қилиш, ўзимиз севган соҳада фаолият юритишимиз учун барча шарт-шароит муҳайё. Демак, интилиб яшашимиз керак.
Зеро, муваффақият доимий ҳаракатда, дадиллик ва ғайрат-шижоатдадир.

Моҳинур ҚАҲРАМОНОВА,
Зарафшон шаҳридаги академик лицей ўқувчиси,
шахмат бўйича уч карра республика чемпиони.

Рақамлар сўзлайди:
Навоий вилояти аҳолисининг 67 фоизини ёшлар ташкил этади.
Ҳудудда 356 умумтаълим мактаби, 51 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ҳамда 2 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Мавжуд 1897 та спорт иншоотида 22 мингдан зиёд йигит-қиз спортнинг 30 дан ортиқ тури билан шуғулланади.
Вилоят Гимнастика федерацияси маълумотига кўра, 4323 нафар қиз бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Президентимиз томонидан таъсис этилган “Ниҳол” мукофотига Навоий вилоятидан Шерзод Давронов, Муҳаббат Меҳмонова, Суҳроб Кенжаев, Шерзод Шодиев, Дилсўз Жуманиёзова каби хонандалар сазовор бўлишган.
Жорий йилда Украинада ўтказилган миллий кураш бўйича халқаро турнирда Анвар Исломов ҳамда Шерзод Шамсиддинов фахрли ўринларни қўлга киритди.
Шу йил 13 март куни Туркманистонда ўтказилган чемпионатда Мафтуна Эсанова спортнинг самбо тури бўйича Осиё чемпионлигига эришди.

Орзулар қанотида
Ёшликнинг ҳар куни бир имконият, бир мўъжиза саналади. Бугун умрнинг навқиронлик деб аталмиш муаззам бекатида туриб, ҳаётни, тенгдошларимни кузатаман. Эрта тонгдан ишга, ўқишга шошилиб кетаётган йигит-қизларнинг бугунидан бахтиёр нигоҳларини кўриб, кўксимда ғурур жўш уради.
Ҳаётдаги кичкина муваффақиятлар ҳам кун келиб ўз мевасини беради, дейишади.
Бу рост гап экан. 2005 йилда илк шеърий тўпламим — “Меҳр сарчашмаси” чоп этилди. “Камолот” ЁИҲ фаоллари сафида бўлиш, Болалар Парламентининг депутатлигига сайланиш ўз фикримни дадил айта олиш қобилиятини шакллантирди. Изланишларим, ниятларим йўлидаги ҳаракатларим сабаб 2009 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Худди шу йилда ўзим орзу қилган даргоҳ — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетига ўқишга қабул қилиндим. Бугунги кунда журналистика факультетининг магистратура йўналишида илмий изланишлар олиб бораяпман. Таълим тизимида рўй бераётган ислоҳотлар самараси факультетимиз мисолида ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Илғор технологиялар асосида сабоқ олаяпмиз. Устозларимиз хориждаги ҳамда ўзимиздаги имкониятлар ҳақида гапириб мисоллар келтирганда, амин бўламизки, биз Президентимиз айтганларидек, ҳеч кимдан кам эмасмиз.     
Зотан, ёшлик — имкониятлар фасли, орзулар бекати. Бахтимиз шундаки, биз истиқлол фарзандларимиз. Шу боис оппоқ орзулар оғушида яшаётган ҳар бир йигит-қизнинг истаги аниқ: буюк келажакка муносиб бўлиш!

Гулноза ШАРАФОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

Истиқлол фарзандимиз
Биласиз, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкилотлар билан уч томонлама шартномалар тузилади. Мен ҳам ўтган йили Навоий шаҳридаги индустриал-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тугатиб, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги корхоналардан бирига ишга қабул қилиндим.
Бу ерда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқ остида 100 дан зиёд турдаги маҳсулотлар тайёрланади. Корхонамиз ёнидаги Логистика маркази эса бир кеча-кундузда 300 тоннадан ортиқ юкни қабул қилиб, жўнатиш қувватига эга. Муҳими, ушбу ташкилотларда вилоятимиздаги таълим муассасаларини битирган мутахассислар ишлашмоқда. Аниқроқ айтганда, жамоамизнинг аксарияти ёшлардан иборат. Юқори технологик ускуналарни бошқараётган 47 нафар йигит тенгқурларим эканлигидан бахтиёрман. Қолаверса, бизнинг ишлашимиз, дам олишимиз учун барча шарт-шароит яратилган.
Коллежда олган билимимиз автосаноат учун зарур эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқараётган “Uz Erae Cable” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасида асқотаяпти. Чет эллик мутахассислар бу ердаги “Устоз — шогирд” анъаналарига ҳавас қилишади. Биз эса бунга муносиб бўлиш учун бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз, изланамиз.
Шу кунларда корхонамизда Жанубий Корея ва Италиядан келтирилган технологик линиялар ёрдамиида 39 турдаги автомобиль кабеллари тайёрланмоқда. Шунингдек, ўзимизнинг “Cobаlt” русумли автомашина учун ҳам аккумулятор жгутлари тайёрлаш йўлга қўйилган.
Очиғи, ишимиз оғир эмас, завқ-шавқ билан меҳнат қиламиз. Маошимиз ҳам кўнгилдагидек. Бу ерда ишлаётган барча ёшлар ота-онамизга тиргак бўлиб, оиламизга наф келтираётганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Буларнинг барчасини навқирон авлоднинг ёруғ истиқболи учун кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самараси, деб биламиз.

Асрор ЧЎЛИЕВ,
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги
«Uz Erae Cable» қўшма корхонаси ишчиси.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года