A+ R A-

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

ЕТУКЛИК МАКТАБИ

Бугунги ёшларга ҳар қанча ҳавас билан қарасак арзийди. Уларни ҳар томонлама етук, қобилиятли, истеъдодли, ватанпарвар, юртга садоқатли этиб тарбиялаш борасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина бугунги йигит-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни олиб кўрайлик. Жорий йилнинг ўтган ойларида Қорақалпоғистон Республикасида ўнлаб меҳнат ярмаркалари, “Мутахассислик — сенинг келажагинг”, “Касб танлашда адашма” сингари тадбирлар ташкил этилиб, уларга минглаб ёшлар жалб қилинди.
Худди шунингдек, Ёшларга ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари томонидан кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногирон ва туғма нуқсони бор болалар бир қатор йўналишлар, жумладан, компьютер курси ва тикиш-бичиш тўгаракларида ўқитилмоқда.
“Ёш тадбиркор — келажакка пойдевор”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям”, “Энг яхши инновацион ғоя”  танловлари ташкил этилаётганлиги эса ёшлар ўртасида ташаббускорликни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  Таклиф қилинаётган бизнес лойиҳалар  асосида коллеж битирувчиларига банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Жорий йилда кенгаш томонидан таъсис этилган “Энг яхши инновацион ғоя” танловининг мамлакат босқичида биринчи ўринни эгаллаган  Нукус тиббиёт коллежи жамоаси айни пайтда танловнинг Осиё давлатлари босқичида қатнашмоқда. Шунингдек,  ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўзаро дўстлик муносабатларини ривожлантириш, уларнинг спортга қизиқишини янада ошириш мақсадида ҳам муайян ишлар амалга оширилаяпти. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида жами 3131 спорт иншооти бўлиб, уларда 329 минг 670 нафар ёш, жумладан, 161 минг 862 нафар қиз мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда.
Обод турмуш йили муносабати билан ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини янада кучайтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам бир қатор маънавий, маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мухтасар айтганда, ёшларнинг камолоти, уларнинг жонажон Ватанимизнинг ёруғ истиқболига  муносиб тарзда улғайишлари учун барча имкониятлар яратиб берилганки, бу, ўз навбатида, ҳар биримизга улкан масъулият юклайди.

Ж. АБДУЖАМИЛОВ,
«Камолот» ЁИҲ Қорақалпоғистон Республикаси  Кенгаши раиси.

ЭРТАНГИ КУН — БИЗНИКИ!
Кечагидек эсимда. Эндигина 1-синфни тугаллаган кезларим эди. Отам менга қорақалпоқ болаларининг севимли газетаси “Жеткиншек”ни совға қилдилар. Уни ҳижжалаб ўқий бошладим. Шу тариқа матбуотга ошно бўлдим.
Ўзим ҳам мақолалар, шеър ва ҳикоялар ёза бошладим. Машқларимнинг газета саҳифаларидан ўрин эгаллаши менда келгусида журналистика соҳасини танлашимга туртки бўлди. Илк тўпламим — “Устозим” чоп  этилганида 4-синф ўқувчиси эдим. Шундан буён ўқиш билан бир қаторда, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб келаман.  Шеърлар ёзаман,  чет эл ижодкорларининг асарларини  ўзбек ва қорақалпоқ тилларига таржима қиламан.  
Ҳозир Ўзбекистон  давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида таҳсил олаяпман. Мақсадим, бугунги ахборот асрида журналистикага ўз ҳиссамни қўшиш. Озод ва ҳур Ватанимда кечаётган улкан бунёдкорлик ишлари, жаҳоншумул ўзгаришларни дунё матбуотида ёритиб, юртимиз ёшлари имкониятларини халқаро миқёсда тараннум этиш.

Несибели МАМБЕТИРИЗАЕВА,
Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси.

ШИЖОАТ ФАСЛИ
Ёшлик — шижоат фасли. Бу паллада инсон қалбида бир олам эзгу орзулар жўш уриши, табиий. Қораўзак агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Жулдиз Дошетова ўтган йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Менинг бизнес ғоям” танловида ғолиб бўлиб, имтиёзли кредитни қўлга киритди.
Бунинг эвазига у  кичик корхона ташкил этиб, аёллар учун миллий ва замонавий кийимлар, дераза пардалари тикишни йўлга қўйди. Жулдиз айни пайтда ўзи сингари коллежни тугаллаган қизларни ҳам ишга жалб қилган. Ёш чеварлар тикаётган кийим-кечаклар ички бозорни тўлдирмоқда. Қолаверса, улар ўз маҳсулотлари билан дунё бозорига чиқишни ҳам режалаштиришаяпти.
Нукус автомобиль йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Салауат Нуруллаев ҳам ҳеч иккиланмасдан тадбиркорликка қўл урди. Ёш тадбиркорнинг аниқ ва пухта тайёрланган бизнес лойиҳаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан 12,5 миллион сўмлик кредит билан молиялаштирилди. Айни пайтда шу асосда ташкил этилган “Салауат — Нукус” масъулияти чекланган жамиятида аҳоли учун маиший хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Қувонарлиси, Салауат ўзи каби бир неча тенгқурларини ҳам ишга таклиф этиб, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлади.
— Юртимизда ўз иқтидорингни намойиш этиб, меҳнат қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани ёшларни қувонтиради, — дейди тадбиркор Гўзал Сафарбоева. — Нукус тиббиёт коллежида ўқиб юрганимда тадбиркорлик билан шуғулланаётган тенгдошларимга ҳавас қилардим. Коллежни тугаллагач, “Малика дизайн Нукус” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйдим.  Бунда менга “Асака” банкининг Қорақалпоғистон филиали томонидан берилган 12 миллион сўмлик кредит маблағи қўл келди. Айни пайтда корхонамизда оила аъзоларимдан ташқари, яна беш нафар тенгдошим меҳнат қилмоқда. Келажакда иш фаолиятимизни кенгайтириш ниятимиз бор. Бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам етарли. Энг асосийси, биз ёшларга қаратилаётган эътибор, берилаётган кенг имкониятлар ташаббусларга қанот бўлмоқда.
— Ўтган йили Қонликўл педагогика касб-ҳунар коллежини битирдим, — дейди ёш тадбиркорлардан яна бири Гулмира Бегдуллаева. — “Микрокредитбанк”дан кредит олиб, оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда, уйимиз яқинидаги бўш ётган майдонни ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйдик. Натижа ёмон бўлмади. Ҳозир оиламизда катта-кичик барча иш билан таъминланган. Энг асосийси,  турмушимизга барака кирди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларни иш билан таъминлаш, айниқса, улар орасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган йигит-қизларга молиявий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ўз ишини йўлга қўйиб, ҳам оиласига, ҳам юртга нафи тегаётган ёшлар қатори тобора кенгайиб бораётир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

ЮТУҚЛАР ПИЛЛАПОЯСИ
2012 йил 29-31 август кунлари “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивали доирасидаги тадбирларга 55 минг нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик ёшлар қамраб олинди.

2013 йил 19-23 май кунлари Нукус шаҳрида “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 140 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Танловнинг 2012 ва 2013 йилги босқичларида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси 1-ўринни эгаллади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан 2013 йил 23 март куни бўлиб ўтган “Ёш фермерлар форуми”да 69 нафар ёш фермернинг илғор тажрибалари ўрганилди.  

“Менинг бизнес ғоям” танловининг 2013 йилги Қорақалпоғистон Республикаси босқичида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлардан 550 нафардан зиёд ўқувчи-ёшларнинг бизнес лойиҳалари тақдим қилинди.    

Хоразм вилоятида ташкил этилган “Талабалар баҳори — 2013” ёшлар анжумани доирасида ўтказилган “Ниҳол” театр фестивалида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали жамоаси ғолиб бўлди.

БАХТНИНГ МАНЗИЛИ БОР

Ўзбекистондек бетакрор мамлакатда туғилганимдан, истиқлол даврида ўқиб-улғаяётганимдан беҳад бахтиёрман.
Зеро, бу муқаддас юртда неки орзу-умидлар қилсак, уларнинг амалга ошиши учун барча эшиклар очиқ. Ўтган йили ҳаётимда янгилик ва қувончлар кўп бўлди. Бир қатор ижтимоий лойиҳаларда иштирок этдим. “Келажак овози” республика кўрик-танловининг Нукус шаҳар босқичи ғолиби бўлдим. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” ҳамда “Меҳр нури” жамғармалари ташкил этган “Таълим гранти”, “Камолот” стипендияси” дастурларида қатнашиб, совриндорлар сафидан ўрин эгалладим.
Муваффақиятларимни таъкидлашдан мақсад, мақтаниш эмас, асло, балки бу ютуқлар Президентимизнинг ғамхўрлиги, туфайли эканлигини эътироф этишдир. Бинобарин, мамлакатимизнинг бошқа таълим муассасаларида бўлганидек, бизнинг институтимизда ҳам замонавий ўқув хоналари, лабораториялар, ахборот-ресурс марказлари, спорт кошоналари ўзимизнинг ихтиёримизда. Ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшашимиз, эртамиз бугунимиздан ҳам ёруғ бўлиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай экан, бу Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, унинг ишончини оқлаш ҳар биримизнинг эзгу ниятимиздир.

Айсулув ДИЛМАНОВА,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси.

ҲАР НАҚШДА МЕҲР ЗИЁСИ
Ардоқли ҳунар эгалари сафида эканлигимдан жуда мамнунман. Нега дейсизми? Аслида, болаликдан тикувчиликка қизиқаман. Қўлимга игна-ип олиб чок тикканимда боғча ёшида эдим. Бувим тикадиган қуроқ ёстиқ ва кўрпача, уй-рўзғор буюмларию кашта-палакларга маҳлиё бўлиб ўтирардик.
У киши эса биз, набираларга чеварлик сирларини ўргатаркан:  “Қиз бола ҳунарли бўлса, йўли ҳам ёруғ бўлади”, дер эдилар. Мактабни битиргунимга қадар кўрпа қавиш, Қорақалпоғистонга хос бўлган палагу кашталарни тикишни ўзлаштириб олдим.
Кейин эса Чимбой иқтисодиёт коллежини битиргач, ўзим амалиёт ўтаган  “Элеонора — Арайлим” корхонасига ишга кирдим. Тикувчиликка ихтисослаштирилган ушбу корхона сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш борасида минтақада нуфузи баланд. Бу ерда меҳнат қилаётган ўн нафардан зиёд ишчи ва касаначи буюртма асосида қорақалпоқ миллий нақшлари солинган либослар, замонавий дераза пардалари, қолаверса, миллий тўқимачилик ва каштачилик буюмлари тикишади. Корхона маҳсулотлари  ўз жозибаси билан юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар, шунингдек, пойтахтимизда ташкил этилаётган “Қўли гулдир ўзбек аёлин...”, “Базар-арт” кўргазма-ярмаркаларида амалий санъат ихлосмандларининг эътиборини тортиб келмоқда.
Қаранг, куни кеча шогирд эдим, бугун эса амалиётчиларга ҳунаримиз сирларини ўргатаяпман. Мақсадим, хусусий корхона очиб, тадбиркорлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш. Бунинг учун  мамлакатимизда шароит ҳам, имконият ҳам етарли.

Гулсара ЕРНАЗАРОВА,
ҳунарманд.

УМИД ВА ОРЗУЛАРИМИЗ АСОСИ
Истиқлол фарзандлари!
Бу шунчаки оддий ибора эмас. У бизнинг бахтли ҳаётимиз таърифи, умид ва орзуларимиз мазмуни, десак, муболаға бўлмайди.
Мен Нукус давлат педагогика институтида таҳсил олаяпман. Институтимизда спортга, айниқса, қизлар спортига алоҳида эътибор берилмоқда. Буни институт қошида ташкил этилган  волейболчи қизлар жамоасининг  бир неча йилдан буён юртимизда бўлиб ўтаётган кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келаётганидан ҳам билса бўлади. Чунончи, ушбу жамоа Ўзбекистон олий ўқув юртлари “Талаба” спорт уюшмасининг 2004 йилги чемпионатида бронза медалини қўлга киритган бўлса, 2005 — 2008 йилларда Ўзбекистон чемпиони, 2007 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Универсиада — 2007” мусобақаси чемпиони бўлди. Бухорода бўлиб ўтган “Универсиада — 2013” спорт ўйинлари эса жамоамиз ҳаётида  муваффақиятларга тўла янги саҳифа очди, десам, хато қилмаган бўламан. Негаки, жамоамиз кичик Олимпиада, деб ном олган ушбу мусобақада фахрли 2-ўринни эгаллади. Бундай эътироф ва эътибор кўксимизни тоғдек кўтариб, ҳар биримизни янгидан-янги муваффақиятлар сари чорламоқда.

Дилноза ТОЖИЕВА,
Нукус давлат педагогика институтининг  волейбол бўйича қизлар жамоаси аъзоси.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года