A+ R A-

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ФАЙЗУ БАРАКА ШОДИЁНАСИ

21032013Яшариш ва янгиланиш айёми дилларга сурур, кўнгилларга қувончу завқ улашмоқда. Юртимиздаги ҳар бир манзил, ҳар бир хонадонда байрамона кайфият, шодлик ҳукмрон. Каттаю кичик бир-бирини қутлаб, эзгу тилаклар изҳор этмоқда.

Зеро, шундай фаровон кунларга, гўзал айёмларга насибамиз қўшилганлигидан шодлигимиз чексиз. Буни айни кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўзгача ҳозирлик билан кутиб олиниб, кенг нишонланаётган байрам тантаналари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, пойтахт вилояти аҳли кўкламнинг мунаввар айёмини муносиб туҳфалар, кўтаринки кайфият билан қарши олди. Асосий тантаналар бўлиб ўтган вилоят Маънавият ва маърифат марказидаги кўркам хиёбон чинакам байрамона тус олган. Миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз акс эттирилган тасвирий лавҳалар, халқ ҳунармандчилигининг беқиёс намуналари, дошқозонларда тайёрланган кўклам таомлари — буларнинг барида Наврўз байрами, унинг теран фалсафаси ўз ифодасини топди. Саҳнада намойиш этилган театрлаштирилган дастурда эса кўп миллатли пойтахт вилоятига хос азалий анъана ва қадриятлар тараннум этилди.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, бу йилги Наврўз олдидан вилоятнинг туману шаҳар марказлари, олис қишлоқ ва маҳаллаларида 250 дан ортиқ ижтимоий, маданий-маърифий муассасалар, гузар ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис шохобчалари, янги корхоналар фойдаланишга топширилди. Жойларда янги боғлар, узумзорлар барпо этилмоқда. Зотан, кўкламнинг илиқ тафтидан завқланган бободеҳқонлар аллақачон дала юмушларига киришиб кетишган...
Сурхон воҳасида ҳам бугун Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Минг йиллик қадриятларимизга ҳамоҳанг бу бетакрор айём вилоятнинг ҳар бир гўшасида кенг тантана қилинаяпти.
Байрам шодиёналари янада жозибали, ёдда қоларли даражада ўтишини таъминлаш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, халқ сайли, сумалак базми, миллий ўйинлар беллашуви тарзидаги кўнгилочар томошалар ташкил қилинди.
Жанубнинг олтин дарвозаси аталмиш Термиз шаҳридаги “Алпомиш” мажмуасида эса Наврўз байрамига бағишланган асосий тантаналар бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар юртимиздаги тинчлик, осойишталик, барча жабҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларни ғурур билан эътироф этишди. Дарҳақиқат, буларнинг бари мамлакатимизда осуда ва фаровон ҳаёт ҳукм сураётганлигидан далолатдир. Зеро, турмушимиз обод, кўнглимиз хотиржамлиги боис ҳамиша, ҳар доим баҳорга, Наврўзга, янгиланиш ва эзгуликка интилиб яшамоқдамиз.
Барча жойларда бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам ҳар йили Наврўз олдидан маҳалла-кўй, кўчаю хиёбонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилади. Бу гал  айём арафасида воҳанинг шаҳару туманларида “Энг обод маҳалла”, “Энг обод кўча”, “Энг обод хонадон” деб номланган махсус кўрик-танловлар ташкил этилди.
Қувонарлиси, тез орада бундай намунали хонадонлар сафи янада кенгаяди. Чунки яқинда Термиз шаҳридаги 13 та кўп қаватли янги уй ўз эгаларига топширилиши кўзда тутилмоқда. Обод турмуш йили якунига қадар ана шундай замонавий тураржойлардан яна 15 таси, қишлоқ жойлардаги аҳоли массивларида намунавий лойиҳа асосидаги 810 та хонадон қуриб битказилади. Шубҳа йўқки, келаси Наврўзгача мана шундай эзгу орзу-умидларимиз янада кенг қулоч ёзиб, қалбларимизда яратувчанлик иштиёқи ортиб бораверади.
Наврўзи олам муносабати билан Нукус шаҳри марказидаги муҳташам амфитеатрда байрам тадбири ўтказилди. “Обод турмушимда Наврўз айёми” деб номланган мазкур тадбирда ҳукумат аъзолари, депутатлар, сенаторлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Шодиёнада эзгу ният ва истакларга бой самимий дил изҳорлари янгради. Тинчлик, ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида барча соҳаларда оламшумул ютуқлар қўлга киритилаётгани, бу, авваламбор, Истиқлол яратиб берган имкониятлар самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг байрам томошасида Наврўзнинг мазмун-моҳияти, қадру қимматини тавсифловчи, миллий урф-одатларимизни улуғловчи шеъру қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Энг муҳими, каттаю кичикнинг дилига завқ-шавқ улашаётган бу айём Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманлари, олис овулларида кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Хоразмликлар улуғ айёмни бунёдкорлик борасидаги улкан ютуқлар билан қарши олишга одатланишган. Бу йил  ҳам анъанага мувофиқ, вилоятда яратувчанлик ва ободонлаштириш борасидаги тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг барча ҳудудларида қарийб 80 гектар боғу роғ барпо этилиб, 40 га яқин янги объектлар ишга туширилди. Юзлаб иш ўринлари вужудга келди.
Айни кунларда “SOS” болалар маҳаллаларида тарбияланаётган 200 нафарга яқин ўғил-қизлар учун дастурхон ёзилиб, санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Урганч шаҳридаги “Авесто” боғ-мажмуасида бўлиб ўтган байрам дастури халқимизнинг бой маънавий дунёси тўлиқ акс этганлиги билан барчага ифтихор ҳиссини бахш этди. Бири-биридан ёрқин саҳна кўринишларида миллий ўзига хослигимиз, қадрият ва анъаналаримиз акс эттирилди. Шундан сўнг сумалак сайли, миллий ўйинлар фестивали, тадбиркор ва ҳунармандларнинг кўргазмалари ташкил этилди.    
Биласиз, Наврўз нафақат яшариш, янгиланиш, балки эзгулик, меҳр-оқибат байрами ҳамдир. Шу маънода, айём олдидан “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Бухоро вилояти бўлими ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилди. Эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз кекса ва ногиронларга байрам совға-саломлари улашилиб, дошқозонларда сумалагу ҳалимлар пиширилди, сайиллар уюштирилди.
Асосий тантаналар эса Юртбошимиз ташаббуси билан барпо этилган “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий марказида бўлиб ўтди. Бу ерда ҳунармандлар, миллий-маданий марказлар ижодкорларининг кўргазмали чиқишлари ташкил қилинди. Бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг дастурлари эса барчани байрам сайлига чорлади. Хусусан, маданий марказдаги амфитеатр меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар билан гавжум бўлди. Бахт ва баҳор байрамига аталган табрик сўзлари янгради. Шундан сўнг театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Тадбирда “Бухоро гўзаллари”, “Мерос”, “Бухорча” номли  ашула ва рақс дасталари, академик халқ бадиий жамоалари ижросидаги баҳор, она-юрт, халқимиз бунёдкорлигини мадҳ этувчи чиқишлар томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
— Байрам тадбири барчамизда унутилмас таассурот қолдирди, — дейди Қоракўл туманидаги 3-сон академик лицей ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати Нафосат Жўрабекова. — Аслида ҳам, она-Ўзбекистонимизга бугунгидек гўзал байрамлар ярашади. Биз, ёшлар шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимиздан ғурурланамиз ва шу юртга муносиб фарзанд бўлмоқни ўзимиз учун бурч, деб биламиз.
Дарҳақиқат, шукрона ва бунёдкорлик ярашиғи бўлмиш Наврўзи олам ҳар биримизнинг қалбимизга беғубор ҳислар, жўшқин туйғуларни бахш этмоқда. Бу Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган тантаналарда ҳам ўз ифодасини топаётир. Хусусан, Фарғона шаҳридаги амфитеатр мажмуида байрам тантанаси жажжи болажонларнинг шодон кулгиси билан бошланди. Шундан сўнг шўх яллалар аскиячиларнинг айтишувларига уланиб кетди.
— Бугун ота-боболардан мерос миллий анъана ва удумларимизнинг бор бўй-басти, гўзаллиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда, — дейди 90 ёшли Нўъмон ота Собиров. — Нега деганда, халқимиз Наврўз шодиёнасини ўзгача ҳозирлик билан қарши олди. Ҳозир қаерга борманг, ободлик, янгиланиш, сайилу гаштакнинг гувоҳи бўлишингиз тайин. Яшилликка бурканган дашту далаларда кўклам таомларига тўла файзли дастурхон ёзилган, кўпкарию полвонлар беллашуви авж олган. Хуллас, борлиқдаги жамики ўзгаришлар одамларнинг ҳаёти, обод турмуши мисолида акс этмоқда. Бундай кунларга шукрона айтмаслик мумкинми?!
Баҳор айёмининг шу сингари фусункор шодиёналари айни пайтда юртимизнинг барча вилоятларидаги шаҳару қишлоқлар, маҳаллаю гузарлар, боғу хиёбонлар, маданият масканларида давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года