A+ R A-

Арзон, сифатли ва рақобатбардош

Жойлардаги янги корхоналарнинг маҳсулотлари ана шу жиҳати билан ажралиб туради.

Президентимиз 2013 йил 19 декабрда бўлиб ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши навбатдан ташқари сессиясида воҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги ўрнини янада кенгайтириш ва шу аснода аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳамда истиқболда бу борадаги улкан имкониятлардан янада самарали фойдаланиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кун талабларига мос, ҳар томонлама пухта ва истиқболли бизнес лойиҳалар янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларнинг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлади. Ўтган йилнинг сўнгги ойларида Жарқўрғон туманидаги Марказий Сурхон маҳалласида фаолият бошлаган “Сharog`on tekstil” корхонаси ана шундай интилиш ва изланишлар самарасидир. “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компаниясига қарашли “Савдоэнерго” акциядорлик жамиятининг 5,2 миллиард сўмлик маблағи ҳамда банк томонидан ажратилган 1,3 миллиард сўмлик кредит эвазига рўёбга чиқарилган мазкур йирик лойиҳа шарофати билан болалар ва катталар учун йилига 2 миллион донадан зиёд трикотаж буюмлари, коржомалар, чойшаблар ишлаб чиқариш имконияти юзага келди. Шу билан бирга, 200 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.
Таъкидлаш керакки, айни пайтда воҳалик тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан очилаётган янги ишлаб чиқариш субъектларининг аксарияти қишлоқ жойларда фаолият юритаётгани эътиборга моликдир. Зеро, бу чекка ва олис ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш баробарида, қишлоқ аҳли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилаётир. Жумладан, “Зулайҳобону Иброҳимовна” хусусий корхонаси Денов тумани марказидан анча олисда, Лўпон маҳалласида ташкил этилган. Унга ишбилармон аёл Райҳоной Қурбонова раҳбарлик қилади. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган 16 турдаги қандолат маҳсулотлари нафақат воҳа, қолаверса, республикамиз бозорларида ҳам харидоргир.
— Маҳсулотларимиз нисбатан арзонлиги ҳамда сифатлилиги билан истеъмолчиларга манзур бўлмоқда, — дейди тадбиркор. — Бунинг асосий сабаби — корхонамиз замонавий технологиялар билан жиҳозланганида. Қолаверса, сут маҳсулотлари чорвачилик фермамиздан чиқаяпти.
Албатта, ҳар қандай истеъмолчи экологик тоза маҳсулот харид қилишни истайди. Қолаверса, бугунги соғлом рақобат муҳитида харидорлар талаб ва эҳтиёжлари кун сайин ошиб бораётир. Шундай экан, ишлаб чиқариш жараёнида бозор талабларини пухта ўрганиб иш тутмаган тадбиркор муваффақият қозона олмаслиги табиий. Бу эса саноат тармоқларини, мавжуд ускуна ва дастгоҳларни босқичма-босқич модернизация қилиб боришни тақозо этади.
Айни шу жиҳатни инобатга олган “Зулайҳобону Иброҳимовна” хусусий корхонаси мутасаддилари банкнинг 420 миллион сўмлик кредити ҳисобига хориждан унумдор ва тежамкор технологиялар келтириб ўрнатишди. Компьютерлаштирилган мазкур дастгоҳлар маҳсулотлар сифатини, меъёрини доимий равишда назорат қилиб бориши билан аҳамиятлидир. Масалан, қандолат тайёрлаш чоғида бирор масаллиқдан белгиланганидан камроқ миқдорда солинса, технология дарҳол бу ҳақда огоҳлантириш сигналини беради. Натижада маҳсулот сифати бузилишига йўл қўйилмайди.
Қисқача айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи бугун аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиздаги мўл-кўлчилик ҳамда юртдошларимизнинг кўтаринки кайфиятида яққол ўз ифодасини топаяпти.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года