A+ R A-

Йилнинг энг яхши банки аниқланди

Тошкент шаҳрида Президентимизнинг 2008 йил 31 октябрдаги “Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган анъанавий кўрик-танловнинг 2013 йил якунлари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг ривожи, кўп жиҳатдан, молия муассасалари кўмагига боғлиқ. Зеро, давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганларидек, биз оддий бир ҳақиқатни доимо эсда тутишимиз даркор. Яъни сармоясиз тараққиёт йўқ, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Юртимизда банк тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш масаласига устувор вазифалардан бири сифатида жиддий эътибор қаратилаётганининг боиси шунда. Натижада банкларнинг ресурс базаси кенгайиб, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати тубдан яхшиланаяпти. Бугунги кунда тижорат банкларининг жами капитали 2000 йилдагига нисбатан 46 баробардан зиёд кўпайиб, капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этаётгани, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан белгиланган талабдан уч баробар кўп эканлиги шундай дейишимизга асос бўлади.
Тижорат банклари ўртасида ўтказилаётган кўрик-танлов эса аҳолига банк хизматлари кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш, соҳада тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим омил бўлаётир. Аслида, бундан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилишда тижорат банкларини қўшимча рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини кучайтириш, банкларнинг инвестициявий имкониятларини янада кенгайтириш учун ресурс базаларини мустаҳкамлаш, энг муҳими, омонатларни жалб этишда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдан иборатдир. Ўтган қисқа давр ичида эса ушбу мақсад-муддаоларга тўла эришилди, десак, муболаға бўлмайди. Республикамизда ҳар юз минг катта ёшдаги аҳолига 49,7 та банк муассасаси тўғри келаётгани, ҳар минг киши номига 1 минг 28 та банк ҳисоб рақами очилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимизда аҳоли бўш пул маблағларини омонатларга жалб этишнинг рағбатлантирувчи роли ҳам шакллантирилди. Президентимизнинг 2008 йил 20 февралдаги “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, омонатга қўйилган маблағлар барча турдаги солиқлардан озод қилинган бўлиб, омонатчилар ушбу маблағларни чекловларсиз тасарруф этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу каби қулайликлар туфайли жалб этилаётган омонатлар ҳажми йил сайин кўпайиб бораётир. Масалан, ўтган йили бу борадаги кўрсаткич 2012 йилдагига нисбатан 30,3 фоиз оширилди. Табиийки, бунда миллий ва хорижий валютада 250 дан ортиқ жозибали омонат турлари жорий қилингани айни муддао бўлди.
Ўзбекистон Банклари ассоциацияси биносида ташкил этилган 2013 йил якунлари бўйича танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими муносабати билан тижорат банклари мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Унда сўзга чиққан Марказий банк бошқаруви раиси Ф. Муллажонов ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан банк тизимини изчил ислоҳ қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг банк хизматлари тўғрисида хабардорлигини ошириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлашда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Танлов ташкилотчиларининг айтишича, иштирокчилар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Хусусан, бу гал унда 28 та тижорат банки, 837 та филиал, 4196 та минибанк ва махсус касса қамраб олинди. Пировардида ғолибликка даъвогарлар орасидан энг муносиблари сараланди.
— Танловнинг “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали” номинациясида биринчи ўринга сазовор бўлиб, Президент совғаси — “Дамас” автомобили билан тақдирландик, — дейди ОАТ “Алоқабанк”нинг Навоий филиали бошқарувчиси Азизжон Орипов. — Бундай юксак эътироф зиммамиздаги масъулиятни янада ошириб, қўлга киритилаётган муваффақиятларни мустаҳкамлаш, аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қиладиган янги-янги омонат турларини жорий этишга ундайди. Бугунги кунда филиалимиз томонидан аҳолининг бўш пул маблағлари 22 тадан зиёд муддатли омонатларга жалб қилинаяпти. Бу омонатлар икки томонлама манфаатли ва жозибадорлиги, шунингдек, аҳолининг барча ёш қатламлари инобатга олингани туфайли уларга қизиқиш катта.
Танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки “Аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши банки” деб топилди. “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали” номинациясида биринчи ўрин “Ориент Финанс” ХЁАТ банкининг Амалиёт бошқармасига, “Пластик карточкалар асосида иш ҳақи лойиҳаларини амалиётга жорий этиш бўйича энг яхши банк филиали” номинациясида ғолиблик “Ўзсаноатқурилишбанк” ОАТБнинг Фарғона вилояти Қиргули филиалига насиб этди. Шунингдек, “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши минибанки” сифатида Халқ банкининг Шайхонтоҳур филиали “Камолон” минибанки, “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши минибанки” сифатида “Ўзсаноатқурилишбанк” ОАТБнинг Қашқадарё минтақавий филиали “Китоб” минибанки, “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши жамғарма/махсус кассаси” номинацияси бўйича Халқ банкининг Чирчиқ филиали жамғарма кассаси, “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши жамғарма/махсус кассаси” бўйича эса “Ўзсаноатқурилишбанк” ОАТБнинг Қоровулбозор филиалига қарашли 9-сонли жамғарма кассаси ғолиб, деб эътироф этилди.
Бундан ташқари, ўн битта қўшимча номинация бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года