A+ R A-

Экология

«Имкон»нинг янги имкониятлари

Якунланган йилда Данғара туманидаги экспортчи корхоналар сони яна 10 тага ортди. “Имкон” — ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири.

Бу ерда ўтган йили 100 турдаги, умумий қиймати 4 миллиард сўмлик полиэтилен маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, шундан 541 минг АҚШ долларилик қисми хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди.
Корхона жамоаси жорий йилда бундан ҳам юксак марраларни кўзламоқда. Яъни йил якунигача бу ерда ишлаб чиқариш ҳажмини 6 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, ташқи бозорга 600 минг долларлик маҳсулот чиқариш мўлжалланмоқда.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Йўл ўтган жой обод бўлади
Яқинда “Қизилқум ҳалқа автомобиль йўли”нинг Нурота шаҳрига кираверишдаги 49-56-километрлари тўла таъмирдан чиқарилди. Ушбу мақсад рўёби учун 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
2013 йили бошланиб, бу йил фойдаланишга топширилган ҳалқа йўлини таъмирлаш ишларида Нурота тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ишчиларининг хизмати катта бўлди.
Йўлсозлар жорий йилда ҳам “Қизилқум ҳалқа автомобиль йўли”нинг Қорақарға довонида кенг кўламдаги таъмирлаш ишларини олиб боришади.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Корхонанинг дастлабки мижози
Жондор туманидаги “Яккатут” масъулияти чекланган жамияти Бухоро шаҳрида иш бошлаган “Сарафроз текстиль” корхонасининг биринчи  буюртмачиси бўлди. Янги корхона бу субъектга 45 миллион сўмлик синтетик қоплар тайёрлаб берди.
— Йилига 360 тонна шундай харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эгамиз, — дейди бизнес лойиҳа ташаббускори Манзура Муҳсинова. — Буни алоҳида таъкидлашимнинг боиси бор. Иш бошлаган дастлабки кунларимизданоқ маҳсулотларимизга ички бозорда талаб катталигини ҳис этдик. Биз тайёрлаётган синтетик қоплар ўзининг ноодатий ранги ва нисбатан арзонлиги билан харидорларга маъқул тушмоқда. Шу боис жорий йилда фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Банк муассасасининг 300 миллион сўм миқдоридаги кредити ҳамда лойиҳа ташаббускорининг 177 миллион сўм маблағи эвазига ташкил этилган “Сарафроз текстиль”да асосий иш жараёни компьютерлар воситасида бошқарилади. Мабодо бирор носозлик юзага келса, “ақлли машиналар” ишчиларни бу ҳақда зудлик билан огоҳлантиради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Таннарх янада арзонлашади
“Бекободцемент” очиқ акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган лойиҳалар ана шу мақсадга қаратилган. Хусусан, ўтган йили бу ерда юқори технология асосида қуруқ усулда клинкер ишлаб чиқаришга киришилган эди.
Яқинда эса корхонанинг бир гуруҳ мутахассислари олиб борган изланишлар туфайли цементнинг яна бир янги тури яратилди.
Хусусан, мазкур қурилиш маҳсулоти тўлиқ маҳаллий хом ашёдан тайёрланиб, унинг зичлиги янада ортди. Таркибида гипс тоши, базальт ва пўлат эритмаси мавжудлиги маҳсулот сифати ҳамда пишиқлигини таъминлайди. Муҳими, бундай хом ашё нисбатан арзон ва мўллиги боис цемент нархининг арзонлашувига ижобий таъсир кўрсатади, дейишмоқда корхона мутахассислари.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ёшлар ижодида Ватан тараннуми
Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида “Ягона муҳит” деб номланган фотокўргазма очилди.
Соғлом бола йили муносабати билан уюштирилган ушбу кўргазмада тинч ва осуда ҳаётимиз, юртимизнинг бетакрор табиати манзаралари акс этган. Суратлар Тошкент Фотосуратлар уйи ҳузурида фаолият юритаётган ёшлар фотоклуби аъзоларининг ижод маҳсулидир.
Кўргазмада П. Қурбонов, Х. Шораҳмедов, О. Федина, К. Молодцов сингари ёш ижодкорларнинг замондошларимиз ҳаёти, халқимизнинг улкан бунёдкорликлари ифодаланган ижодий ишлари ўрин олган.

Моҳира АДИЗОВА.

Тунда нур таратади
Андижон шаҳрилик Абдужалил Ҳакимов ўзи ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларига тунда нур таратиб турувчи турли безак ва нақшлар туширишни йўлга қўйди.
— Бўёқларга фосфор моддаси қўшилганда, тасвир қоронғида бир муддат ўзидан ёруғлик таратади, — дейди уста. — Унинг қоришмасидан тайёрланган ранг берувчи воситалар ёрдамида хилма-хил безакларни нафақат ёғоч, балки ойна, металл ва бошқа материалларга ҳам тушириш мумкин. Бундай усулда ишланган ҳар қандай нақш кун мобайнида қуёшдан энергия тўплаб, тунда 5-6 соат ёрқинлигини йўқотмайди. Шу тариқа бинони ёритиш учун сарфланадиган электр энергиясини тежаш мумкин. Айниқса, реклама воситаларини тайёрлашда мазкур безаклар жуда қўл келади.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года