A+ R A-

Экология

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ

19 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

Давлат раҳбарининг маърузасида жаҳонда умумэътироф этилган ривожланишнинг “ўзбек модели”ни ҳамда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг устувор йўналишларини изчил амалга ошириш натижасида, жаҳон иқтисодиётида юз бераётган инқирозли ҳолатларга қарамай, 2011 йилда мамлакат иқтисодиётини ўстиришнинг юқори суръатлари барқарорлиги ва макроиқтисодий мувозанатлилик таъминланганлиги қайд этилди.
Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳон молиявий инқирозининг салбий таъсирларига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки сингари обрўли халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар томонидан юқори баҳоланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасининг 2011 йил ноябрь ойида мамлакатимизга келган миссиясининг баёнотида Ўзбекистон изчил ўсишга эришганлиги ва глобал молиявий инқирозга қарши муваффақиятли чоралар кўраётганлиги қайд этилган, шунингдек, ўрта муддатли истиқболда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари сақланиб қолиши ҳақида ижобий прогноз билдирилган.
2011 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,3 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши 6,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ўсиши 6,6 фоизни, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 16,1 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси белгиланган прогноз кўрсаткичдан ошмади.
Мамлакатимиз экспорт қилувчи корхоналарининг рақобатбардошлик нуқтаи назаридан устунликларини тўлиқ рўёбга чиқариш, экспорт таркибини диверсификациялаш ва маҳсулотларни сотишнинг янги ташқи бозорларини фаол ўзлаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилиши 2011 йилда экспорт ҳажми 15,4 фоизга ўсишини, ташқи савдо балансининг сезиларли миқдордаги ижобий сальдосини ва мамлакат олтин-валюта захиралари ўсишини таъминлади.
Молия-банк тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш республика банк тизими капиталининг етарлилик даражасининг юқори кўрсаткичлари сақланиб қолинишини ҳамда кредитлаш кўламлари кенгайтирилишини таъминламоқда. Ҳисобот йилида банкларнинг активлари 32,4 фоизга ўсди. Ўзбекистон тижорат банкларининг барқарор ва ижобий ривожланиш прогнози етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам тасдиқланмоқда.
Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш бўйича устувор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши капитал қўйилмаларни ўзлаштириш ҳажмини 11,2 фоизга кўпайтириш имконини берди. 1006 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, 144 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.
Қишлоқ жойларда янги тураржой массивларини қуриш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш давом эттирилди. 2011 йилда 156 та қишлоқ туманида “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига намунавий лойиҳалар бўйича 7,4 мингта уй-жой фойдаланишга топширилди.
“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир кенг кўламли ишлар олиб борилиши 2011 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес улуши 2010 йилдаги 52,5 фоиз ўрнига 54 фоизгача кўпайишига кўмаклашди.
2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларини сўзсиз бажариш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар қарийб 1 миллионта иш ўрни ташкил этилишини таъминлади, уларнинг 68 фоизидан ортиғи қишлоқ жойларга тўғри келади.
Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни батафсил ва ҳар томонлама таҳлил қилди ҳамда 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажаришга қаратилган дастурий вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтди.
Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига иқтисодиётни ўстиришнинг юқори ва барқарор суръатларини сақлаб қолишни, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашни, шунингдек, иқтисодиётни изчил ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашни чуқурлаштириш, янги, юқори технологияли ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнини жадаллаштириш ҳисобига мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини оширишни таъминлайдиган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси қўйилди. Транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришни таъминлаш, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш ва қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда шу асосда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш масалаларини самарали ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан 2012 йилга белгиланган мақсадларга эришиш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, жамиятнинг маънавий асосларини янада ривожлантиришда оиланинг аҳамиятини юксалтириш, ҳар бир оиланинг моддий фаровонлигини ошириш муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан эътибор ва ғамхўрлик кучайтирилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва республика ҳудудлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисида қўйилган масалалар муҳокамаси якуни бўйича қарор қабул қилинди. Қарорда 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим вазифалари амалга оширилишини таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланди.

(ЎзА).
Аъло АБДУЛЛАЕВ олган сурат.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года