A+ R A-

Экология

Атроф-муҳит муҳофазаси — долзарб масала

Экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига ҳозирги даврда энг долзарб масалалардан бири сифатида қаралмоқда.

Мазкур масаланинг ижобий ечими Ер юзида табиат ва инсон муносабатларининг барқарор ривожланишига катта таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон экологик ҳаракатининг дастурий вазифалари қаторида атроф-муҳит муҳофазаси борасида  хорижий давлатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади.
Шу маънода, 2012 йилнинг апрель ойида Экоҳаракат ва Сингапурнинг Атроф-муҳит масалалари бўйича Кенгаши билан ўзаро ҳамкорлик бўйича Меморандум имзолангани ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжатда табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ бўлган минтақавий ва глобал экологик муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда атроф-муҳит муҳофазасида жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, экологик беқарор ҳудудларда аҳоли саломатлигини яхшилаш, биохилма-хилликни сақлаш, биологик ресурсларни бошқариш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, экотуризмни ривожлантириш, экологик таълим тизимини такомиллаштириш сингари йўналишларда қилиниши лозим бўлган ишлар белгиланган. Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларда жамоатчилик иштирокини кучайтириш, экологик назорат самарадорлигини оширишда ННТ ва фуқаролар ташаббусларини бирлаштириш бўйича тажриба алмашиш, инсон фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги лойиҳаларни татбиқ этиш, халқаро майдонда экологик хавфсизлик масалаларида мақсадларни мувофиқлаштириш бўйича биргаликдаги иш режаси ҳам ишлаб чиқилган эди.
Мазкур режага мувофиқ, жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Тошкентда “Экологик туризмни ривожлантириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик қонунчиликни такомиллаштириш масалаларида тажриба алмашиш” мавзуида Ўзбекистон ва Сингапур экспертлари иштирокида халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экоҳаракат фаоллари, экология ва тиббиёт йўналишидаги ННТ вакиллари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари, изланувчилар ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидландики, Ўзбекистон экологик ҳаракати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, минтақавий ва трансчегаравий экологик муаммолар ечимини топишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътиборни кучайтирмоқда. Жумладан, 2010 йилда Экоҳаракат ташаббуси билан пойтахтимизда “Ўрта Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммолари: уларни ҳал этишда халқаро ҳуқуқ механизмларини қўллаш” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
2011 йилнинг декабрида “Экологик хавфсизликни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари: уларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг роли”га бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, унда Сингапурнинг Атроф-муҳит масалалари бўйича Кенгаши вакиллари фаол қатнашди. Шу йилнинг август ойида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда ташкил қилинган халқаро семинарнинг асосий мавзуси эса “Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонаси ишлаб чиқариш фаолиятининг экологияга ва инсон саломатлигига ҳалокатли таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бўлди. Экоҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари ва унинг “Ёшлар қаноти” табиатни муҳофаза қилиш, узлуксиз экологик таълим тизимини жорий этиш, экологик маданиятни юксалтириш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга қаратилган тадбирларга аҳолини, айниқса, ёшларни кенг жалб қилмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон ва Сингапурнинг экологик қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини фаоллаштириш бўйича тажрибалари муҳокама этилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг июль-август ойларида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Сингапур ва Ўзбекистон мисолида экотуризмни ривожлантириш истиқболлари, муқобил энергия тизимини тараққий эттириш ҳамда экологик беқарор ҳудудларда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, бу борада тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки, халқаро доирадаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Семинарда Меморандумда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича маълумотлар айирбошлаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года