A+ R A-

Экология

Экологик муҳофаза

соғлом турмуш ва самарали фаолият учун хизмат қилади

Инсон ва табиат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, одамзод табиатни қанчалик авайлаб асраса, ўз соғлиғини, ҳаётнинг бардавомлигини таъминлаган бўлади. Аммо кейинги йилларда ана шу мувозанатга путур етгандек.
Яъни инсоният фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири натижасида экология глобал миқёсда  ёмонлашмоқда. Бу, ўз навбатида, табиатни муҳофаза қилишни, унинг ресурсларидан оқилона фойдаланишни талаб этмоқда.
Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолиги, экологик вазият хусусида сўз кетганда, озон қатламига ҳам алоҳида тўхталишга тўғри келади. Гап шундаки, ушбу қатлам ультрабинафша нурлари даражасини тартибга солувчи асосий манба ҳисобланади.  Унинг емирилиши мислсиз иқлим ўзгаришига, одамнинг иммун тизими пасайишига, тери саратони касаллиги кўпайишига, ўсимликлар ривожига, умуман, инсониятнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Одатда хлорфторуглерод ва бромфторуглерод озон қатлами емирилишига сабаб бўлади. Бу моддалар, биласиз, совутқич ва музлаткич каби маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилади. Шу боис 1994 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни, деб белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда экологияга, шу жумладан, озон қатламига салбий таъсир қилувчи ана шу омилларни камайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, табиийки, Ўзбекистон мазкур йўналишдаги муҳим ҳужжатлар ҳисобланмиш Вена Конвенциясини тасдиқлаб, Монреал протоколини имзолагани муҳим аҳамият касб этаяпти. Мутахассисларнинг эътирофича, юртимиз озон емирувчи моддалардан фойдаланмаслик бўйича энг яхши амалиётга эга давлатлар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Чинор ЭНК” экологик ноширлик компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган тадбирда шулар хусусида атрофлича фикр юритилиб, пойтахтимиздаги “AZN” масъулияти чекланган жамиятига медиатур уюштирилди.
Медиатур манзили сифатида бу жамиятнинг танлангани бежиз эмас. Чунки “AZN”  нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикамизда етакчи саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. 2003 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур жамиятда савдо шохобчалари ва супермаркетларда фойдаланиладиган музлаткичли савдо расталари, стеллаж сингари маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бош муҳандис Станислав Волобуевнинг айтишича, “AZN”  2006 йилда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилгач, иш кўлами янада кенгайиб, бир нечта янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда озон қатламига зарар келтирувчи моддаларни чегаралаш юзасидан ҳам муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Медиатур иштирокчилари корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, бунга гувоҳ бўлиш баробарида, мутахассисларнинг озон қатлами емирилишига оид маърузаларини тингладилар.    

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года