A+ R A-

Народное Слово

Кичик бизнес:

ФАРОВОНЛИК ГАРОВИ

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Фарғона шаҳрида “Тадбиркорлик — мустаҳкам оила пойдевори” мавзуида бизнес-форум ташкил қилинди.

Таъкидландики, 2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида ушбу вилоятда бундай субъектларнинг жадал ривожланиши учун ишончли ва қулай муҳит яратиш борасида кенг қамровли ишлар бажарилди. Хусусан, уларга ажратилган кредитлар миқдори 253 млрд. 270 млн. сўмга етди. Бу кўрсаткич аввалги йилдагига нисбатан 1,6 баробар кўпдир. Пировардида 20 000 га яқин иш ўрни яратилган бўлса, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий  маҳсулотдаги улуши 61,2 фоиздан ортди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан “Мустаҳкам оила йили” деб эълон  қилинган 2012 йилда эса вилоятда ҳар бир оиланинг фаровонлигини  юксалтириш,  айниқса,  ёш  оилалар учун бахтли турмуш тарзи  яратилишини  таъминлаш  бўйича  банк  тизими  орқали  яна  қатор чора-тадбирлар  амалга  оширилиши  кўзда  тутилмоқда. Жумладан,  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 266,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари берилиши мўлжалланаяпти.
Бизнес-форумда республика тижорат банклари томонидан 7 та номинация бўйича ғолиб деб топилган 85 та лойиҳа эгаларига 7,8 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича сертификатлар топширилди.
— “Ипотека-банк”нинг Фарғона вилояти филиали молиявий кўмаги туфайли ишларимиз янада юришиб кетди, — дейди Фарғона шаҳридаги “Фарғона Муҳаммад Аюб” хусусий корхонаси раҳбари Имомали Алиматов. — Айниқса, бизнес-форумга ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тақдим қилган лойиҳам банк ходимларига маъқул бўлганидан жуда мамнунман. Гап шундаки, хўжаликда зарур бўлган газ плиталари учун эҳтиёт қисмлар анча камёб ҳисобланади. Шуни эътиборга олиб, уни ишлаб чиқарадиган ускуналар харид қилиш учун буюртма берган эдим. Бугунги тадбирда банк томонидан менга 50 миллион сўмлик кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Насиб этса, газ плиталари учун эҳтиёт қисмлар Фарғонанинг ўзида тайёрланади.
Бизнес-форум якунида Мустаҳкам оила йилида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш ва оилалар фаровонлигини таъминлаш борасида халқаро молия ташкилотлари, мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года