A+ R A-

Абадият гулшани

«...Жисмни қил садқа ано бошиға»

Президентимиз томонидан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодга қаратилаётган юксак эътиборнинг навбатдаги ёрқин намунасидир.

Зеро, мустаҳкам оила қуриш, наслни соғлом улғайтириш, болаларни комил инсон қилиб тарбиялаш орзуси халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳангдир. Мутафаккир Алишер Навоий асарларида ҳам соғлом фарзанд ва унинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, боғбон ниҳолга қанчалик меҳр берса, дарахт тўғри ўсади ва ўз самарасини беради, деган ғоя асосий ўрин эгаллайди.
“Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳоднинг гўдаклигидан ижобий хислатларга эга бўлган, теран ақлли, ўткир зеҳнли, соғлом бола бўлиб ўсиши, унинг зўр ҳавас билан табиат, математика, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўрганиб, қатор илмларни эгаллаб бориши Навоийнинг ибрат мактабидир:
Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,
Билиб таҳқиқини касб этмаган илм.

Шоирнинг таъкидлашича, Фарҳод ақлий тарбия билангина чекланиб қолмасдан, жисмоний ва ҳарбий машқлар билан ҳам шуғулланиб, чиниқа бошлайди. Сувда сузиш, чавандозлик, қиличбозлик унинг кундалик машғулоти бўлиб қолади. 10 ёшида унда 20 яшар йигитнинг куч-қуввати бўлади. У ўзининг ақли ва жисмоний куч-қуввати, маҳорати билан кишиларни ҳайратда қолдиради.    Шоир Фарҳоднинг улғайиш жараёнини тасвирлар экан, унинг ўз ишларидан қаноатланмаётганлиги билан илм ва ҳунар сабоқларини олиш инсон боласи учун ниҳоятда зарур эканлигини кўрсатади. Фарҳод меъмор Боний, наққош Моний ва тоштарош Қоран билан дўстлашади, уларнинг ҳунарларини иштиёқ билан ўргангани достонда алоҳида ўз аксини топади.    
Алишер Навоий Фарҳоднинг жасорати, меҳнат ва ижодкорлиги, барча ютуқларининг боиси илми, ақли ва иродасига боғлиқ бўлганлигини таъкидлаб, ақл ва тафаккури қудратига баҳо беради:    
Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.

Шоир “Маҳбуб ул-қулуб”, “Ҳайрат ул-аброр” асарларида аёлсиз, онасиз турмушни, тараққиётни, ҳаётни, ворисийликни ақлга сиғдириб бўлмаслигини таъкидлайди. Соғлом бола тарбияси борасидаги муҳим масалалар, Навоий бобомизнинг орзулари бугун мустақил Ўзбекистонда таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатида ўз аксини ҳар томонлама топаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Алишер Навоий фарзанд тарбиясида, инсониятнинг келажагини давом эттиришда онанинг ўрни беқиёс эканлигини, у зурриётни давом эттириш каби улуғвор вазифани ўз зиммасига олганлигини алоҳида таъкидлаб, унга  фарзандлар алоҳида меҳр билан муносабатда бўлишларини уқтиради. Ота ва онани ой билан қуёшга ўхшатиб, уларнинг хизматини қилиб, иззат-ҳурматини жойига қўйган фарзанд бахтли-саодатли бўлишига ишора қилади. “Ҳайрат ул-аброр”да қуйидаги сатрларни битади:    
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.    
Тун-кунунга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Мустақил Ўзбекистонда шоир орзулари амалга оширилаётганлиги мамлакатимизда оналар ва болаларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик тимсолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. “Оила қачон бахтли бўлади? Қачонки, аёл бахтли бўлса. Аёл бор экан — бу ҳаёт бор, турмушимизда файзу барака бор”. Президентимизнинг бу фикрлари шоир орзулари  амалга ошаётганлигининг ёрқин намунасидир.
Бугун Ўзбекистонимиз аҳолисининг 64 фоизини ташкил қилаётган ёшларимизга шоир қаҳрамонлари барча соҳада юксак намунадир. Зотан, мустақиллик фарзандлари Навоий қаҳрамонларидан ўрнак олиб, Фарҳоднинг жасорати ва Баҳромнинг заковатини ўз фаолиятларида намойиш этиб келмоқдалар.        

Сулаймон ИНОЯТОВ,
Навоий давлат педагогика институти профессори, тарих фанлари доктори.

Талқин
 

Устозлик рутбаси
Навоий эпик ва лирик, илмий ва тарихий асарлар ижодкори бўлибгина қолмай, буюк тазкиранавис ҳамдир. Хусусан, ҳазратнинг “Мажолис ун-нафоис” асари бизга номаълум кўплаб шоирлар ижоди ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бундан ташқари, унда буюк мутафаккирнинг моддий ва маънавий ёрдами билан вояга етган, унинг ижод мактабидан сабоқ олган шоиру фозилларга баҳо берилганини ҳам кўрамиз.
Алишер Навоий, аввало, ҳар бир ижодкорнинг истеъдодига, инсоний хислатларига, ахлоқига, иқтидорига, фикрлаш қобилиятига диққат қилади ва қайси фанлар билан шуғулланганини ҳам кўрсатиб ўтади. Ўша пайтда Навоий назарига тушиш, эътиборини жалб қилиш, шогирди бўлиш ҳам, турган гапки, осон бўлмаган. Алишер Навоий шогирдларига нисбатан қаттиққўл устоз эди.
Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг тўртинчи мажлисида Воиз Кошифий ҳақида шундай ёзади: “Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий тахаллус қилур, Сабзаворликдир. Йигирма йилға яқин борким, шаҳрдадур ва Мавлоно зуфунун ва рангин ва пуркор воқеъ бўлубтур. Оз фан бўлғайким, дахли бўлмағай. Хусусан ваъз, иншо ва нужумки, анинг ҳаққидур ва ҳар қайсида мутааййин ва машҳур ишлари бор...” Хўш, Кошифий ким?
Хондамир “Хулосат ул-ахбор” асарида бу икки мутафаккир ўртасида яқин дўстлик, ҳамкорлик муносабати бўлганлиги тўғрисида гапиради ҳамда Воиз Кошифийга шундай деб баҳо беради:
“Маъқул ва махсус илмларнинг барчасидан тўла нафланган ва баҳраманддир. Ҳозирги вақтда Шарқда — Хуросон диёрида ул жанобга тенг келадиган киши топилмайди... Ул жаноб нужум илмида ҳам зўр маҳоратга эга эди, чунончи, унинг таъбирлари қазо ўқи сингари бехато бўларди. Унинг балоғатоётлик ҳамда фасоҳатсифатлик китоблари кўп ва беҳисоб бўлиб, уларнинг кўпи олимақом амир Алишернинг атоқли номи билан зийнатланган. Амир Алишернинг иноят ва илтифоти ул жанобнинг ҳол саҳифасига ҳамма вақт тушиб туради...”
Кўриниб турибдики, Алишер Навоий Воиз Кошифийдан моддий ва маънавий ёрдамини аямаган, ҳар вақт уни қўллаб турган.
Умуман, Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” ҳамда Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарларидаги бу сингари халқ мақолига айланиб кетган ҳикматларини кўплаб келтириш мумкин. Кошифий софдиллик, ростгўйлик, сахийлик, қатъиятлилик каби фазилатлар инсонларда бўлиши шарт, деб билади. Аммо хасислик, тамагирлик, очкўзлик, дилозорлик, пасткашлик, туҳматчи, хоин, сотқин, ёлғончи, лақма кишиларни ахлоқсиз кишилар, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, Воиз Кошифий инсондаги, айниқса, ростгўйлик ва меҳнатсеварлик хислатларига кенг тўхталади. Мутафаккирнинг таъкидлашича, киши хулқини улуғловчи жиҳатлардан бири, бу — ростгўйлик бўлса, яна бири одамийликдир. Шунингдек, унинг дўстлик ҳақидаги мулоҳазаси ҳам жуда ибратлидир: “Дўстлари бирор нарсага муҳтож бўлиб қолсалар, уларга ёрдам қўлини узатиши, ҳеч нарсасини дўстларидан аямаслиги керак”. Унинг бунга ўхшаш кўплаб фикрлари ҳар бир давр учун ҳам зарурий ҳолдир. Чунки инсон энг буюк мавжудотдир. Уни эъзозлаш, бир-бири билан ҳамкорлик қилиш, бошқача айтганда, ҳамжиҳатлик туйғуси айни кунларда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Воиз Кошифийнинг инсоний бурч — ота-она қадр-қиммати ҳақидаги фикрлари ҳам салмоқлидир. Кошифий асарларининг халқ оммасига кенг тарқалишида, бир неча фанлар бўйича дарсликлар яратишида Алишер Навоийнинг катта таъсири бўлгани эса, шубҳасиз.

Равшанбек МАҲМУДОВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент.

Ибрат
 

Садоқат тимсоли
Давр ва шахс боғлиқлиги ҳамиша қизиқишларга сабаб бўлиб келган. Хусусан, Темурийлар ва Алишер Навоий муносабатларини билишга бўлган интилишлар улуғ шоир ҳаётлиги пайтларидан бошланган эди.
Алишер Навоийнинг ўзи “ота-онадан етти пуштгача” Ҳусайн Бойқаро хонадонининг самимий хизматчиси эканлигини таъкидлаб, “шу остонанинг хокбези” — яъни отаси, “шу саро бўстон канизи” — онаси янглиғ, гар булбул, гар зоғ бўлсин, ўзи ҳам шу гулшану боғда мақом топишини айтади.
Алишер Навоий ҳазратлари ота-онаси, қариндошлари ва ўзи ҳақида асарларида деярли маълумот бермайди. Унга замондош  бўлган муаррихлар Темурийлар ва Алишер Навоий хонадонининг яқинлик даражасини, эътибор берилса, айтиб ўтганлар. Масалан, Мирхонд “Равзат ус-сафо” китобида “Амирнинг (Алишер Навоий) улуғ ва саховатли бобоси аввал замон тақозосига кўра, Амир Темур Кўрагоннинг ўғли Мирзо Умаршайх баҳодирнинг хос мулозимлари қаторидан жой олиб, эътибор қаламини унинг бисот лавҳига кўкалтошлик даражасини ёзган эди”, деб қайд этади.
Тарихий маълумотлар Алишер Навоий аждодларининг Темурийларга яқинлик даражасини кўкалдош (кўкалтош, эмукдош, кўкракдош) нисбаси билан боғлайди. Бир онани эмиш, бир кўкрак сутидан баҳраманд бўлиш — сут қариндошлик ҳисобланади. Сут қариндошликнинг ибтидоси Амир Темур ҳазратларининг тўнғич ўғли, 1354 йилда Кеш — Шаҳрисабзда таваллуд топган Умаршайх Мирзо билан боғланади.
Темурбек 18 ёшга  тўлганда Умаршайх Мирзо туғилган. Унинг онаси амир  Жоку Барлоснинг қизи Нурмиш Оғо эди. Амир Жоку Барлос шажараси ҳам Темурбекнинг улуғ бобокалони Қорачор нўёнга бориб тақалади. Жоку авлоди Қашқа воҳасининг қуйи қисмини идора этиб келган. “Малфузоти Темурий”да Темурбек томонидан “Амир Жокуйи Барлоснинг қизини отам манга номзод қилди. Чун ул ҳам оламдин рихлат қилди”, дейилади. Англашиладики, Нурмиш Оғо Умаршайх Мирзони дунёга келтириб, бу ёруғ оламни тарк этган. Ёш гўдак тарбияси билан ким шуғулланган бўлиши мумкин? Умаршайх Мирзо туғилган вақтда мўғулларга қарши кураш давом этаётган, Темурбек ҳам ватанпарварлар сафида, уларнинг етакчиларидан бирига айланган эди. Чақалоқни боқиш Темурбекка ёки Нурмиш Оғога яқин қариндош бўлган эмизикли аёлга топширилган. Биз исми шарифасини билмайдиганимиз бу аёл Алишер Навоийнинг момоси эди. У ўз ўғли билан бир қаторда Умаршайх Мирзони ҳам эмдирган, улғайтирган.
Умуман, Темурийлар ва Навоийлар хонадонлари ўртасида бир ярим аср давом этган яқин алоқалар, қариндошлик даражасига кўтарилган муносабатлар, ҳақиқатан, ҳайратомуздир. Бу яқинлик пойдевори садоқатдан тикланган эди. Ота-боболари қатори шоирнинг тоғалари, амакилари ҳам улуғ салтанат сиймоларига хизмат қилганлар. Шоирнинг ўзи болалик дўсти, ҳамсабоғи Султон Ҳусайн Бойқаро тожу тахти пойдорлиги, равнақи йўлида сидқидилдан кўмак йўлини тутган.
Хондамир бу ҳақда “ҳеч бир ишга давлатли амирнинг (Алишер Навоий) фикрисиз ва маслаҳатисиз дахл қилмас эдилар”, деб ёзади.
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Булардан кўринадики, улуғ шоир cўнгги нафасига қадар болалик дўсти Султон Ҳусайн Мирзога содиқ қолади. Қаттиқ ва мушкул синовлардан ўтган бу дўстлик ҳар қандай қариндошликдан устун турар эди.

Поён РАВШАНОВ,
Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Fазал бўстони
Тун ақшом келди кулбам сари гул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза хўйдин гулоб айлаб.
Қилиб мужгонни шабравлар кеби жон қасдиға ханжар,
Белига зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.
Қуёшдек чеҳра бирла тийра кулбам  айлагач равшан,
Манга титратма тушти зарра янглиғ, изтироб айлаб.
Кулуб ўлтирдию илким чекиб, ёнида ер берди,
Такаллум бошлади ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.
Ки, эй зори балокаш ошиқим, менсиз нечуктурсен?
Мен ўлдум лолу айта олмадим майли жавоб айлаб.
Чиқарди шишаи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб, тутти менга, юз навъ нозосо итоб айлаб.
Ки, эй мажнун, парий кўрдунг магарким, тарки ҳуш эттинг?
Такаллум қил бу соғарни ичиб, рафъи ҳижоб айлаб.
Ичиб, фарёд этиб туштум аёғиға, бориб ўздин,
Мени йўқ бодаким, лутфи анинг масти хароб айлаб.
Аниким, элткай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Рубоийлар
Будур тилагимки улки, маъбудунг эрур,
Тутқай сени ул ёнки, сенинг судунг эрур.
Кўнглунгга етургай улча беҳбудунг эрур,
Илгингга кетургай улча мақсудунг эрур.
***
Эй ишқ, анинг кўйида тавфи ҳарам эт,
Бизни дағи ул тавфға бошла, карам эт,
Бир дойира кўйи теграсида рақам эт,
Гар чиқса оёғим рақамингдин, қалам эт.
***
Ҳам жисмингга заъф бўлса жоним садқа,
Ҳам жонингга жисми нотавоним садқа.
Сарвингға шикаст ўлса равоним садқа,
Йўқ-йўқки, санга жону жаҳоним садқа.

Сабоқ

«...Зебу зийнат ҳикмату донишдурур»
Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарлари замирида Инсон ва Инсонийлик бирламчи ҳамда устувор аҳамиятга эга. Шу боис унинг ҳар бир ашъори кишини эзгуликка ундайди. Шоирнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги мазкур сатрлар ҳам абадиётга дахлдор ўгитлар сирасидандир:

Ҳар кимсаки, айламас ошуқмоғни хаёл,
Яфроғни ипак қилур, чечак баргини бол.
***
Эр кишига зебу зийнат ҳикмату донишдурур,
Яхши киймак бирла хотунларға оройишдурур.
***
Эл айбини айтурға бировким, узотур тил,
Ўз айбини фой айлагали тил узотур, бил.
***
Илм ўқуб, қилмағон амал мақбул,
Дона сочиб, кўтармади маҳсул.

Ҳикоят

Қирғовул ва шер
Тўқайда бир йиртқич шер бор эди. Ваҳшатда осмон шеридек қўрқмас эди. У болалари билан ўйнаб, завққа тўлганда, чумолилар унинг боласини талаб қийнарди. У ўзининг ажралмас бу бойлиги — фарзандини оғзида тишлаб асрар эди.
Ўша тўқайда бир қирғовул ҳам бўлиб, бу йиртқич шернинг ваҳмидан доим қўрқувда эди. Шер бўлса боласини оғзида тишлаб, дам-бадам тўқайнинг гоҳ у ёғига борарди, гоҳ бу ёғига. Шўрлик қуш унинг тепасида ногаҳон «парр» этиб учса, шер қўрққанидан сесканиб кетар, боласига ҳам тиши ботиб кетарди. Тиши билан ўз боласини, ўз жигарпорасини ярадор қиларди.
Бу ташвишдан кўнгли озор топиб, қирғовул билан дўст тутина бошлади. У деди:
— Менинг сенга ҳеч қасдим, душманлигим йўқ. Хотиржам бўлиб, мени ўзингга ишончли дўст, деб бил. Қўрқишни йиғиштир, ҳамдамим, сирдошим бўл. Мен ҳам сенинг куйларингни эшитиб, шод бўлай; нағмаларинг билан қайғудан озод бўлай. Шарт шуки, сенга бир зиён етса, марҳамат қўлини сенга ёрдам учун чўзай. Садоқат масаласида ўзимни кўрсатиб, сени душман тузоғидан халос айлай.
Шер кўп сеҳр билан ўз фикрини тушунтиришга тиришди, ҳам садоқатли бўлишга аҳд қилди. Ораларида бир-бирларига шундай муҳаббат пайдо бўлдики, бунга осмоннинг ўзи ҳам ҳасад қиларди. Қаерда йиртқич шер дам олиб ётса, атрофида қирғовул бемалол учиб юрарди. Султоннинг тепасида ҳумо қуши айлангандай, шер бошида қирғовул айланиб парвоз қиларди. Шер унинг сайрашини эшитиб, куйида ёлғон борлигини фаҳм қилиб, дер эди:
— Ёлғон гапирма, ёмон бўлади. Тўғри одамлар олдида ёлғон қораланади.
Қирғовул пандни эшитмас, ўзи билан ўзи маст, атайлаб фиғонини ҳеч пасайтирмас эди.
Бир кун бир овчи уни тутиш учун ўз тузоғини ёйган эди, у дон билан сувни кўриб, унинг олдига боргач, овчи унинг устига тузоқни тортди. Тузоқда у бахтсиз қичқириб, бир неча бор: «Дод, мени тутдилар!» — деди.
Бу сўз шер қулоғига эшитилди, лекин унинг бу ашуласини ҳар галгидек ёлғон деб ўйлади. Бунақа ёлғонларни кўп эшитгани учун чин қичқириғини ҳам ёлғон, деб гумон қилди. У қанча ростакамига қичқирмасин, ростини ҳам ёлғон, деб ҳисоблади. Уни қутқариш учун илтифот кўрсатмади; натижада унинг ҳаёти қирқилди.

«Ҳайрат ул-аброр» достони (насрий баёни)дан.
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года