A+ R A-

Абадият гулшани

«МАЖОЛИС УН-НАФОИС»НИНГ ИККИ ТАҲРИРИ

Алишер Навоий бу асари билан тазкирачиликда янги анъаналарга асос солган. Асар саккиз мажлис(қисм)дан иборат.

Иккинчи мажлис сарлавҳасида шоир “...ситта ва тисъина ва самона миа таърихидаким, бу мухтасар битиладур”,  деб ёзади (яъни 860/1490-91 йилларда бу асар ёзилди). Бу тазкира ёзилган йили. Лекин асарнинг баъзи қўлёзмаларидаги маълумотлар 1498 йилларда унинг иккинчи таҳрири яратилганидан далолат беради.

“Мажолис ун-нафоис”нинг биринчи таҳрири 1948 йилда, иккинчи таҳрир эса Навоийнинг 15 томлик асарларининг 12-томида (Тошкент, 1966 йил) ва 20 томлигининг 13-томида (Тошкент, 1997 йил) ҳамда 2011 йилда чоп этилган тўла асарлар тўпламининг 9-жилдида нашр қилинди.
Биринчи таҳрирда шоирлар сони 345, иккинчи таҳрирда эса 459 та деб кўрсатилган. Қуйида икки таҳрирдаги асосий фарқлар хусусида тўхталамиз.
Шоирлар ҳақидаги фиқраларда айрим жумла, иборалар ўзгарган. Шунингдек, жойлар, шаҳарлар номида, тахаллусларда ҳам фарқ кўзга ташланади. Мавлоно Риёзий ҳақидаги фиқрада шоирнинг етти қалам билан хатни яхши битиши, Қуръони мажидни етти қироат билан ўқиши, илми мусиқий ва адвор, нужум ва истихрожи рамал (толедан хабар бериш, тафаккур матлабини юзага чиқариш — С. ў.) тушиб қолган.
Мирзабек — Навоийга фарзанддек бўлган самарқандлик шоир. У биринчи таҳрирда Мирзо Алибек деб берилган. Жомийга бағишланган фиқрада Муҳаммад Таёбодий ҳақидаги охирги жумла ва бир байт тушиб қолган. Мавлоно Абдуллоҳ ҳақидаги маълумотлар илк таҳрирда ғоят қисқа, “Зафарнома” маснавийси ёдга олинмаган, ундан келтирилган уч бети ҳам тушиб қолган. Хуррамий фиқраси ҳам тўлиқ эмас. Мавлоно Бақоий — хоразмлик шоир Мавлоно Лиқоий, деб берилган...
Иккинчи таҳрирдаги эътиборли жиҳат ҳар бир мажлис сўнгида “Мажолис ун-нафоис” аввалги мажлиснинг итмоми, ...иҳтимоми, ...хатми, охири ... ғояти, ...ниҳояти, ...туганчисини ёзади ва уларни дуо ҳамда шоҳ мадҳидаги рубоийлар билан якунлайди.
Саккизинчи мажлис Ҳусайн Бойқаро таърифи ва мадҳи билан биринчи таҳрирдагидек берилади ва биринчи таҳрирдаги Мавлоно Лутфийнинг “Устина” радифли матлаъига Ҳусайн Бойқаро жавоби ва улардаги тафовут ҳамда мувофиқлик кўрсатилади. Иккинчи таҳрирда эса таҳлиллар Ҳусайний “Девони”дан ҳарфлар тартиби билан олинади.
Биринчи таҳрирда 82 байт, иккинчи таҳрирда 169 байт. Навоий маъно, тимсол, бадиий санъатлар, қофия, радиф хусусида шоирнинг маҳоратини очиб беради.
Иккинчи таҳрир охирида “Хилват” деб аталган икки лавҳа берилади. Ҳусайн Бойқаро иштирокида ўтадиган адабий анжуманлар-(Навоий уларни “Олий мажлис” деб атайди)да янги асарлар, шеърлар муҳокама қилинади. Биринчи лавҳада Хусрав Деҳлавийнинг ҳинд тилидаги асаридан бир маъно — нозик ёр қалин ёмғирда тойиб кетиб йиқилгани, шунда ёғин риштасини ушлаб, унинг мадади билан ўнгланиб олгани айтилади. Бундан ҳайратланган Лутфий ўз таассуротини Навоийга айтиб беради. Бу ўхшатиш мажлис аҳлига етказилгач, улар ҳам мақтайдилар. Навоий бу ҳақда Ҳусайн Бойқародан фикр сўраганда, у эътироз билдириб, ёғин риштаси юқоридан қуйига инади, йиқилаётган одамга мадад бўла олмайди, дейди ва қуйидаги матлаъни ўқийди:
Заъфдин кулбамда қўймоқ истаса айлар мадад,
Анкабуте ришта осқон бўлса ҳар деворға.

Бу байт Навоий қаламига  мансуб бўлиб, мантиқан асосли ва таъсирлидир.
Иккинчи лавҳада Қабулий деган ёш шоир “Олий мажлис”га киритиш мақсадида бир ғазалини Навоийга олиб келади ва бир байт қофияси яхши боғланмади, дейди. Навоий “хам бўлмади” қофиясини тузатиб, байт ёзиб беради:
Сарв мойил бўлдиким, ўпгай аёғинг туфроғин,
Йўқса ҳар соат сабо таҳрикидин хам бўлмади.

Бу ғазални ўқиган Ҳусайн Бойқаро Навоий битган байтни англайди ва шоир мажлисга келсин, мутояба қиламиз, дейди. Шоир келади, бу ҳақда сўз очилмайди. Ҳамма тарқалгач, шоҳдан: “Унутилдими, мутояба қилмадилар”, деб сўрашганида, у: “Унутилмади, тиламадукки, ғариб йигит мажлисда уятлиғ бўлғай”, деб жавоб беради. Навоий: “Бу раҳм ёлғиз анга воқеъ бўлмади, манга дағи  бўлди”, дейди. Бу лавҳа Ҳусайн Бойқаронинг Навоий шеърлари услубини ғоят пухта билганини, шунингдек, ёш истеъдодларга марҳаматли бўлганини англатади.
“Мажолис ун-нафоис”нинг иккинчи таҳрири тазкирачилик анъанасига Навоий киритган янгиликка далил ҳамдир. Унда ёш, адабиётга энди кириб келаётган шоирларни киритганлигидир.
Алоҳида аҳамиятли томони шундаки, Навоий “Мажолис ун-нафоис”ни ўз она тили (у вақтда туркий дейиларди)да ёзди ва янги анъанага асос солди. Асарнинг икки таҳрири муқояса қилинганда, Навоийнинг шоирлар ижоди, адабий жараёнга, ёш истеъдодларга янгича муносабати намоён бўлади. Шунингдек, иккинчи таҳрирда асар тўлдирилди, охирги мажлис янгидан ёзилди.
“Мажолис ун-нафоис” беш марта (балки яна маълум бўлар) форс тилига таржима қилинган. Эрон, Афғонистон, Туркияда ҳам ушбу асар  нашр этилган. Бу асар таъсирида тазкиралар яратилгани ҳам тарихдан маълум.

Суйима FАНИЕВА,
профессор.

«...ТИЛА ХИЛВАТУ, АНЖУМАН ИЧРА БЎЛ»
Ҳазрат Навоий талқинида Ватан фақат инсоннинг киндик қони тўкилган замин, мамлакат ҳудудигина эмас, балки заҳматкаш халқ (эл-улус), унинг маънавий маданияти, тарихи, она тилидир.
Навоий нақшбандийликнинг “хилват дар анжуман” мақомотини янгича мазмун билан бойитар экан, комилликка интилувчи шахс зоҳиран халқ  билан (анжуманда) бўлса ҳам, ботинан Ҳақ ёди билан, яъни илм-маърифат ҳосил қилиш тилаги билан яшаши лозимлигини таъкидлайди:
Мусофир бўл, аммо Ватан ичра бўл,
Тила хилвату, анжуман ичра бўл.

Ҳамма замонларда ҳам улуғ мутафаккирлар жўмардлик, сахийлик, меҳр-мурувват, футувват (мардлик) ва камтаринликни  комиллик белгиси сифатида улуғлаганлар. Ҳазрат Навоийнинг таълим беришича, ўзи емай бошқаларга едириш — мурувватлилик, одамларга хизмат қилиш ва буни миннат қилмаслик футувват (мардлик) белгисидир:
Мурувват — барча бермакдир, емак йўқ,
Футувват — барча қилмакдир, демак йўқ.

Алишер Навоий талқинидаги мурувват ва футувват сингари фазилатларнинг мамлакатимиз ҳаётида ўзига хос тарзда намоён бўлаётгани эътиборга лойиқдир. Хусусан, ўтган йили “Фонд Форум” ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилган “1000 та никоҳ ва 1000 та суннат тўйи” лойиҳаси тантаналари замирида улуғ шоир орзуларининг ҳаётийлиги мужассам.
Мутафаккирнинг уқтиришича, иймон-эътиқодли кишиларгина инсоф-диёнатли, меҳр-шафқатли ва оқибатли бўладилар; инсофсиз одамларнинг феълу атворида нуқсондан бошқа нарса бўлмайди:
Кимдаки инсоф йўқ – инсон эмас,
Мунсиз атворида жуз нуқсон эмас.

Шоир Ватан равнақи, унинг порлоқ истиқболини комил инсон шахсининг шаклланиши, илм-маърифат равнақи билан боғлар экан, камтаринликни инсон камолотининг муҳим мезони деб ҳисоблайди:
Киши айбинг деса, дам урмағилки, ул эрур кўзгу,
Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?!

Ҳазратнинг уқтиришича, Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги инсоннинг ўзлигини англашидан, ўз вужудини, руҳий оламини обод қилишидан бошланади:
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсан — ўзингдин истагил.

Аён бўладики, бутун онгли ҳаёти ва сермаҳсул ижодини элу юрт бахти учун бағишлаган улуғ мутафаккир ўзини Ватан ва халқ олдида доимо қарздор деб билди. Унинг ижодида муҳим ўрин эгаллаган ватанпарварлик, халқпарварлик, маърифатпарварлик ғоялари эса баркамол авлодни тарбиялашда муҳим  манба бўлиб хизмат қилаверади.

Қодирқул РЎЗМАТЗОДА,
Фарғона давлат университети доценти.

БУЮК МУҲАББАТ ТАРАННУМИ

Тикон кирса кафингға кинасидин,
Чиқорсам эрди киприк игнасидин.
Кўруб хору хас ўрнунгда ниҳони,
Сочим бирла супурсам эрди они.
Чу билсам гардин кўнглунгда қайғу,
Ер узра ашкдин сепсам эди су.
Бошингға тушса меҳнат шоми жовид,
Юз очиб зоҳир этсам эрди хуршид.
Агар жонингға қасд этса узун кун,
Сочим еткурса эрди анбарин тун.
Юзунгни олмасам эрди энгимдин,
Аритсам эрди ашкингни енгимдин.
Тилар бўлсанг юзунг кўрмакка кўзгу,
Юзум юзунгга тутсам эрди ўтру.
Сув истаб тушса ўтлуғ кўнглунга жўш,
Лабимдин тутсам эрди чашмаи нўш.
Дамо-дам айлабон ҳамдамлиғингни,
Кеча-кундуз қилиб маҳрамлиғингни.
Тунунгда шамъи мажлис бўлсам эрди,
Кун ўлса ёру мунис бўлсам эрди.
Чу айлабтур сиреҳри тезрафтор,
Сени бир ён, мени бир ён гирифтор.
Киши гар кўксини юз рора қилсун,
Фалак бедодиға не чора қилсун!
Анинг бедодидин ким бўлса ношод,
Қилур жониға бедод узра бедод.
Неча сен бастаи банду балосен,
Балолар банди ичра мубталосен.
ўаму дардингча дард имкони йўқтур,
Балоу меҳнатинг поёни йўқтур.
Вале бўлмиш жаҳон аҳлиға маълум
Ки, илгингда қотиқ хоро эрур мум.
Чекарга дарду андуҳ журъатинг бор,
Бало тортарға сабру тоқатинг бор.

«Фарҳод ва Ширин»дан.

«ЖОНДИН СЕНИ КЎП СЕВАРМЕН, ЭЙ УМРИ АЗИЗ...»
Ҳазрат Навоийнинг “Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз” деб бошланувчи рубоийси барчамизга ўқувчилик давримизданоқ яхши таниш. Унда шоир азиз умрни ҳаддан ортиқ (“сондин сени кўп севармен...”), жондан ҳам, инсон севиши мумкин бўлган нарса-ҳодисаларнинг барчасидан ҳам кўпроқ севишини эътироф этади.
Албатта,  ҳар қандай инсон учун энг олий қадрият — бу ҳаётдир. Мазкур шеърда ифода этилган эътироф, энг аввало, берилган умр учун шукроналик туйғуси, фурсатнинг ғаниматлигидан огоҳлантириш даъвати билан йўғрилган. Чунки инсоннинг асл фитрати ҳаётни севиш, ҳаётпарастлик билан зийнатланган.
Аммо ҳазрат Навоийдек комил шахс томонидан бу дунёда берилган ҳаётнинг ҳамма нарсадан баланд тургувчи қадрият сифатида баҳоланишида янаям чуқурроқ мазмун бор. Зеро, бизга берилган умр, тириклик — хайрли амаллар қилиш, жамиятга манфаат келтириш, эзгулик тарғиби, йўл қўйган хатоларни тузатиш, тавба қилмоқ ва шукрона келтирмоқнинг биринчи шартидир. Бошқача айтганда, умр — бизга берилган имконият. Инсон ҳаётлигидагина дунёни яхшилик томонга ўзгартиришга қодир бўлади.
Орадан беш юз йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан, бу рубоий замонларда ўлчанмайдиган ўткир ҳақиқати билан қалбимизни чароғон этиб турибди. Зеро, ўзгалар учун қилинадиган ҳар қандай эзгу амал, жамиятга фойда келтириш ўз умрини қадрлашдан бошланади. Халқимиз шунинг учун ҳам “Ўз қадрини билмаган ўзга қадрини не билсин?” дейди.
Истиқлолга эришганимизга бу йил йигирма икки йил тўлади. Ифтихор этамизки, истиқлол азиз умримизни янада азиз қилди. Умр шаклида табиат берган имкониятга истиқлол берган имкониятлар ҳам қўшилди. Бугуннинг вазифаси — мамлакатимиз тараққиётини умуминсоният тараққиётининг ажралмас бир бўлаги сифатида идрок этган ҳолда, манфаатларни, имкониятларни уйғунлаштирмоқ, келажак наслларга озод ва обод Ватан қолдириш учун курашмоқдир. Бу эса, шубҳасиз, умри азизни қадрлашдан бошланади. Ҳазрат Навоий асарларида акс этган даъват ва ибратлар истиқлол ғалабаларини мустаҳкамлашда биз билан бир сафдадир.

Нодира АФОҚОВА,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси,
филология фанлари  доктори.

Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Алишер НАВОИЙ

ҲИКОЯТЛАР

Мажнунни даштда бир киши учратиб қолди. У ўзи билан ўзи сўзлашмоқда эди. У киши Мажнундан сўради:
— Сен ким билан сўзлашмоқдасан?
— Эй бахтли одам, мен Лайли билан сўзлашмоқдаман, — деб жавоб берди Мажнун.
— Ахир у сендан жуда узоқда-ку!
— Эй ғофил, у менинг жонимдан ўрин олган! Уни ёдга олиш жонимга озиқ бағишласа, йўл йироқлиги учун уни унута оламанми?
Кимки ишқда камолот касб этса, унинг вужудида маъшуқ ёди мужассамлашган бўлади. Агар сиз ҳам ишқ борасида лоф урмоқчи бўлсангиз, ундан сизга дард келса ҳам шодлик ўрнида қабул этинг!
Басра шаҳрида бир очкўз киши бор эди. У нодонлик билан олтин-кумуш йиғишга муккасидан кетган эди. Ҳотам Той саховат ва карам кўрсатишда қанча ном қозонган бўлса, у динор ва дирҳам йиғишда ундан машҳурроқ эди. Ушбу хасис киши кўп машаққат чекиб битта-битталаб кумуш йиғар эди. У катта бир хазина тўплагач, уларни ер тагига кўмди. Бу тубан табиатли киши яна шунга тенг келадиган бойликни тўнига гир айлантириб тикиб олган эди. Яширган беҳисоб олтинлари ўша шум ҳирсли кишининг кўзига, ҳатто, кундуз кунлари ҳам осмонда ярақлаган юлдузлар каби кўринар эди. У ўзича, танимга қувватгина эмас, балки жонимга сиҳат ҳам ана шу олтинларим туфайли, деб ўйларди.
Иттифоқо, бир куни у савдо-сотиқ қилиш учун дарё соҳилига келди. У ерда савдо қилган молидан тушган ҳаром пулларга таом олиб еди. Шундан сўнг қўлини ювмоқчи бўлиб дарё лабига энгашди. Аммо тўнига тиккан олтинлари оғирлик қилиб, уни сувга тортиб кетди. У сувдан чиқмоқчи бўлиб, изтироб билан чунон талпинар, биров келиб қутқарар, деган умидда бақириб-чақирар эди. Аммо одамлар ёрдамга етиб келгунга  қадар  у  дарё  тубига чўкиб бўлди. Чунки унинг  олтиндан бўлган  лангари  беҳад  оғир эдики, шу сабабли у сув тубида садаф ичидаги гавҳардек қолиб кетди.

«Лисон ут-тайр»(насрий баёни)дан.

УЛУҒЛИК ОСМОНИНИНГ ҚУЁШИ
Қандай яхшики, унинг овозаси турклар мамлакатидан Ҳижозгача... довруғи Нишопурдан Исфаҳонгача етди. Ажам мамлакати аҳли қулоғига бу садодан сирға тақиб, оламнинг ҳамма бурчаклари бу дарё гавҳари била тўлиб тошгандир. Тонг насими унинг хабарини Ироққа етказди ва Туби дарахти баргларини бу ниҳол шохчаларига ёпиштирди...

Давлатшоҳ САМАРҚАНДИЙ.

...Шараф ва улуғлик осмонининг қуёши, дунё буюкларининг пешвоси, яхши хулқлар манбаи... илм ва ирфон эгаларининг намояндаси, таҳқиқ ва ишонч аҳяларининг қибласи, ҳоқон давлатининг таянчи ва ҳазрати  султоннинг яқини, фақирликка бою ҳимматга ботир, олий ҳазрат низомулҳақ вал ҳақиқат ваддунё ваддин амир Алишернинг... узлуксиз меҳрибончиликлари шуъласи, илтифот ва ғамхўрликлари офтоби Хондамир деб шуҳрат қозонган бу фақир банда ва ҳақир зарра ўиёсуддин ибн Ҳумомуддин бошига тобланди, балки вужудининг ниҳоли ёш чоғидан то йигитлик даврининг охирига қадар ул ҳазратнинг лутфу эҳсон ариқлари ёқасида ўсиб унди.

ХОНДАМИР.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года