A+ R A-

Абадият гулшани

НАВОИЙ ОРЗУСИ

Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади.

Ислом КАРИМОВ

2013 йилга “Обод турмуш йили” деб ном берилиши, чиндан ҳам, халқимиз кўнглидаги ниятларнинг ижобати бўлди, десак, айни муддао бўлади. Чунки обод турмуш, гўзал ҳаёт деган тушунчалар азал-азалдан онгу шууримизда, энг аввало, фаровонлик, тўкинчилик, қут-барака, бозорлардаги арзончилик ва мўл-кўлчилик маъносини англатади. Шунинг учун ҳам фаровонлик тушунчаси Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва ҳаёт  фаровонлиги, деган эзгу ғоянинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Айтиш керакки, Алишер Навоий ҳам умри давомида обод юрт ва фаровон турмуш куйчиси ва тарғиботчиси сифатида фаолият кўрсатиб яшади. Хусусан, ул зот 4 мадраса, 16 кўприк, 11 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 19 ҳовуз, 53 работ, 25 масжид бунёд этганлиги  ҳақида ўша давр  муаррихлари ёзиб қолдирганлар. Албатта, бундай бунёдкорлик  ишларини амалга ошириш осонликча кечмаган.Алишер Навоий ўзи қурдирган иморатларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаган. Чунончи, “Ихлосия” мадрасасида 20 йил давомида минглаб баркамол инсонлар етишиб чиқиб, улар шоирнинг ғамхўрлиги ва эътиборида бўлганлар. Тарихий манбаларда Хуросоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида, айниқса, Ҳиротда турли касбларни мукаммал эгаллаган фозил ва комил инсонлар жуда кўп бўлгани ёзилади.
Буюк шоир ўзининг барча асарларида инсон ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишни, инсонпарварлик йўлидаги барча саъй-ҳаракатларни, орзу-интилишларининг ранг-баранг қирраларини очиб беради ва инсоннинг дарду ғами билан яшаганлигини  эътироф этади. “Ҳайрат ул-аброр”даги қуйидаги сатрлар бунинг ёрқин тасдиғидир:    
Одами эрсанг демагил одами,    
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Айниқса, шоир “Фарҳод ва Ширин” достонида бугунги ёшларимиз учун муҳим ибратомуз ҳодисаларни Фарҳод образида яратиб беради. У Фарҳоднинг ёшлигидан жисмоний бақувват, маънавий етук,  турли фанларни мукаммал  эгаллаганлигини тасвирлайди. Фарҳод Қорандан тоғ-тошларни кесувчи пўлат тешага ишлов беришни, Монийдан эса, қасрларнинг ичкарисида зебу зийнат бериш санъатларини ўрганади. Фарҳод барча ҳунарларнинг эгаси бўлиб етишганлиги учун  ҳам ҳеч бир нарсага бефарқ қарай олмайди. Шунинг учун ҳам у инсонларга кўмакка шошилади:
Ҳунарни асрабон неткумдир охир,
Олиб туфроққаму кетгумдир охир.

Бугун унинг номи билан аталган вилоятда  400 га яқин умумтаълим мактаби,  4 та академик лицей, 47 та касб-ҳунар коллежи ва 2 та олий ўқув юрти фаолият юритмоқда.
Навоийликлар ва халқимизнинг кўнгил истаклари Президентимиз раҳнамолигида ўз рўёбини топмоқда. Шуни асло унутмайликки, улуғ шоир юрагида жўш урган эзгу тилаклар, буюк мақсадлар истиқлол қуёши порлагач, амалга ошмоқда.

Сулаймон ИНОЯТОВ,  
Навоий давлат педагогика институти профессори.

«...НЕ ДЕСАНГ, ЧИН ДЕГИЛ»
Мана,  беш  юз  йилдан  ошдики,  Алишер  Навоий  халқ  фахри,  тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда. Навоийга  ўхшаш   шоирлар  тасодифан  дунёга  келмайди.  Бунинг  учун  жуда  яхши шаклланган  ижтимоий-маданий  муҳит  ва  ривожланган  иқтисодий-сиёсий шароит  зарурдир. Навоий — ўн  бешинчи  аср  фарзанди.  Лекин  унинг  ижодий шахсияти  Амир  Темур  асос  солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий юксалишлар билан чуқур боғлиқ.
Амир Темур Мирзо Улуғбек  тақдирида  қанчалик  муҳим  ролни  бажарган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишида алоҳида ҳисса қўшган. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги даврларида шаклланган  ва  ижтимоий,  иқтисодий,  сиёсий,  маданий ҳаётнинг  деярли  барча  жабҳаларида  ибратли  натижалар  берган  давлатчиликдаги  бирлик туйғуси Навоийни кўп илҳомлантирар эди.
Навоий  фикри  очиқ,  руҳонияти  соғлом,  тўғрилик, ростлик  ва  ҳақиқатни  умр  моҳияти  деб  билган,  эл  учун  ижод  қилиш  заруратини  чуқур  ҳис этган.  Сўз  билан  одамни  алдаш,  сўз  билан  ёлғонни  ҳақиқатга  айлантиришга  уриниш  миллат манфаати  учун  катта  зиён  ва  кечирилмас  қабоҳат  эканлигини Навоий  ҳар  нарсадан  ортиқроқ тушунган. Улуғ шоир бутун ижодиёти мобайнида “Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил” деган талаб  ва  шиоридан  мутлақо  чекинмаган.  Бу —  ижод  тажрибасида  жуда кам учрайдиган ҳодиса.
Навоий  ўн  бешдан  зиёд  шеърий  шаклларда  қалам  тебратган.  У  ғазал,  рубоий  ва  бошқа турдаги шеърларида инсонга хос жамики  гўзал ҳис-туйғулар,  эзгуликка чорловчи маъноларни тасвирлаб берган, десак, муболаға бўлмайди.
Навоийнинг  ўзбек  тилида  илк  маротаба “Хамса”  яратиши  чинакам  ижодий  жасорат  эди. “Хамса” —  беш  улкан  достонни  ўз  ичига  олган  мукаммал  асар.  Ҳар  достоннинг  ўзи  бир оламдирки,  ундаги  ғоялар,  ҳақиқатлар,  неча  ўнлаб  қаҳрамонлар  тақдири  инсоният  қалбини абадулабад завқлантиришга қодир. Алишер Навоийнинг буюклиги ва халқимиз  тарихидаги хизматлари мутафаккир шоирлиги билангина  белгиланмайди,  албатта.  Навоий  бадиий  ижод  жабҳасида  қанчалик  тенгсиз  бўлса, илмда,  яъни  олимликда  ҳам шунчалик  беназирдир.
Алишер Навойнинг ғазалларидан бирида шундай гап бор:
Дедим: назм аҳлининг сархайли ким бўлғай, деди ҳотиф:
Навоий бўлғай, улким сен тилайдурсен агар бўлғай.

Ўша  ҳотиф — ғойибдан  овоз  бергувчи  адашмаган:  Навоий, ҳақиқатан ҳам, шоирларнинг сардори,  барча  давр  туркий  шеъриятининг  султонидир.  Алишер  Навоий  шеърияти санъаткорликнинг буюк мактаби.
Шу маънода, ёшларимиз  Навоийни  қанчалик  чуқур  ва  пухта  билса,  маърифат,  эзгулик,  комиллик сирларини ўшанча кенгроқ эгаллайди. Навоийнинг сўзлари дилига ўрнашган одам, ўзи истасин-истамасин, одамийлик шарафи ва куч-қувватини идрок этади. Навоий сабоқларига амал қилган киши ўз-ўзидан халқ дарду ташвишларини енгиллаштиришга бел боғлайди, фикрни — фикрсизликка, илм-маърифатни — нодонликка ва жаҳолатга қарши қурол ўрнида ишлатади.

Иброҳим ҲАҚҚУЛОВ,
навоийшунос олим.

ҲАЙРОН АЙЛАМА
Ёраб, ул юзни даме кўзумга  пинҳон айлама,
Ё кўзумни андин ўзга юзга ҳайрон айлама.
Чеҳрасига мизбон ўлсун кўзум, ул чеҳрани
Кўзларим уйидин ўзга уйга меҳмон айлама.
Очмайин зулфи  паришон кўнглума чектурма оҳ,
Етмайин оҳим ели зулфин паришон айлама.
Жонима лаълидин ўзга  лаълдин берма  ҳаёт,
Лаълиға жонимдин ўзга жонни қурбон  айлама.
Бошима кўйидин ўзга кўйни қилма ватан,
Кўйида  бошимдин ўзга бошни ғалтон айлама.
Эй кўнгул, давр аҳлидин минг йилчилик йўл гўша тут,
Ё алардин етса юз минг ғусса афғон айлама.
Истасанг, эй гул, Навоийдек хуш илҳон булбуле,
Fунчадек кўнглун маломат хоридин қон айлама.

ОЛАМ УЗРА АРДОҚЛИ
Алишер Навоийнинг шоҳ асари — “Хамса” жаҳон адабиётида ўзининг муносиб ўрнига эга. Асар таркибига кирувчи “Сабъаи сайёр” достони асосида XVII асрда грузин шоири Нодар Цициашвили “Барамгуриани” асарини яратган. Шоир Навоийнинг ушбу достонини Низомий ва Хусрав Деҳлавийларники билан қиёсий ўрганиб, уни онгли равишда ўзининг келажак асари учун асос қилиб олади.
Ҳиндистонда Алишер Навоийнинг таржима қилинган асарлари орасида кенг тарқалгани “Мажолис ун-нафоис”дир. У форс тилига бир неча бор ўгирилган. Бу ишда дастлаб Султон Муҳаммад Фахрий (1521 й., Ҳирот), Муҳаммад Қазвиний (1523 й., Истанбул) ва Шоҳали Абдулали (1598 й., Нишопур) хизматларини таъкидлаш керак.
XVI асрнинг охирлари XVII асрнинг бошларида Навоий асарлари итальян тилида 4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган. Хусусан, ўша даврларда немис тилига шоирнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарлари ўгирилган.
Немис олими Альфред Курелла Навоий ижодига юксак баҳо бериб шундай илиқ сўзларни айтган: “Буюк новатор Навоийнинг достонлари, рубоий ва эпиграммаларида тараннум топган озод руҳга Гёте бутун шодлигини бахшида этган бўлур эди”.

САХОВАТ ВА ҲИММАТ БОБИДА
Саховат инсоният боғининг борвар шажаридур, балки ул шажарнинг муфид самаридур. Одамийлиқ кишварининг баҳри мавжвари, балки ул мавж баҳрининг самин гавҳари. Саховатсиз киши — ёғинсиз абри баҳор. Мевасиз йиғоч ҳамону ўтун ҳамон ва ёғинсиз булут ҳамону тутун ҳамон. Сахосиз киши бирла гавҳарсиз садафнинг бир ҳукми бор. Дурсиз садаф била ўлуб қуруғон не эътибор.
Сахий булутдур — иши хирмон, балки махзан бермак. Ҳиммат аҳлиғадур саховат ихтисоси ва бу икки шариф сифат валоят хоси. Саховат одамиға бадандур ва ҳиммат анга руҳ ва ҳиммат аҳлидин оламда юз минг футуҳ. Ҳимматсиз киши эр сонида эмас, руҳсиз баданни киши тирик демас. Соҳиби ҳикмат муфлислиқ била паст бўлмас, ҳимматсиз ганж топса, бийикларга ҳамдаст бўлмас. Чинор илги холилиғидин бийиклигига не нуқсон ва туфроққа ниҳон ганжлари била не улви шон. Ҳиммат аҳлиға агарчи бийик кавкабдур, аммо саховатға неча мартабадур, Исроф сахо эмас ва итлофни маъно аҳли сахо демас. Мубоҳот учун бермак худнамолиқ ва анинг била ўзин сахий демак беҳаёлиқ. Улки эл кўрмагунча бермас — лаимдур, сахий эмас. Тилаб берганни ҳам саходин йироқ бил; ибрам била бергандин бермаганни яхшироқ бил. Бирта ўтмакни икки бўлуб, ярмин бир очға берганни сахий де; ўзи емай барин муҳтожга берганни ахий де.

«Маҳбуб ул-қулуб»дан

«СЎЗНИ ҚУЛОҚНИНГ ДУРИ ШАҲВОРИ БИЛ»
Бировгаким бировдин етди офот,
Ҳамоноким қотиғроқдур мукофот.

Бийиклик келди ҳимматдин нишона,
Ки ҳимматсизни паст этди замона.

Бировким анга ҳиммат ўлди баланд,
Эрур одам аҳли аро аржуманд.

Бировки тамаъ риштае қилғуси,
Унинг бирла бўғзидин осилғуси.

Бировким бўлур бир оёқ ош учун қул,
Юзига керакдур қозоннинг қароси.

Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж.

«САБЪАИ САЙЁР»ДА РАНГЛАР ЖИЛОСИ
Сўз санъатида турли рангларни эстетик мақсадларда ифода қилиш шоирдан алоҳида истеъдод ва катта маҳорат талаб этади. Шу жиҳатдан Алишер Навоийнинг шеърияти, хусусан, унинг «Сабъаи сайёр» достони ўзбек адабиётида муҳим ўрин эгаллайди.
«Сабъаи сайёр» достонида ранглар тимсоли Баҳром, Дилором ва етти ҳикояга кирган образларни яратишда муҳим бадиий воситалардан бири вазифасини бажарган ва асар мазмунини янада чуқурроқ ифодалаш учун хизмат қилади. Рангларнинг жилолари, айниқса, достонга кирган етти ҳикояда ўзининг сезиларли ўрнини эгаллаган.
“Сабъаи сайёр”нинг ҳикоялар қисмида биринчи иқлимдан келган дарвеш Қора қасрда шанба куни Баҳромга Ахий билан Фаррух ҳақидаги афсонани гапириб беради. Қора ранг билан шанба куни ва Зуҳал (ёки Кайвон, Сатурн) сайёраси боғланиб, қасрнинг ранги, Баҳромнинг юриш-туриши ва ўша кунги барча воқеалар қора ранг билан тасвирланади.
Бу ҳикояда шоир чуқур қайғудаги Баҳромнинг руҳий ҳолатини тасвирлаш учун ҳамма воқеа ва ҳодисаларни қора рангга бўяйди...
Бошиға солиб ул қора гесу,
Ҳар туки сою бир қора қайғу.

Ҳатто шеъриятда ижобий маънода қўлланиб келинадиган “Қора гесу” (қора соч) каби сўз бирикмалари ҳам салбий мазмунда ишлатилади.
Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонида якшанба кун воқеаларида ҳаммаёқ сариқ либосга бурканганлиги таъкидланмоқда. Сариқ рангнинг олтин билан ҳамоҳанг бўлиб товланиши бир неча марта алоҳида қайд этилган. Бунинг асосий сабаби, Баҳромга сўзланган иккинчи ҳикоянинг мазмуни олтин билан боғлиқдир.
Олтин ранг Навоий талқинида тиниқлик, хурсандчилик ва олижаноблик рамзидир. Олтин рангининг, бир оз бўлса-да, ўзгариши унинг олижаноблик мазмунини бузади, шармандалик ва нафрат уйғотувчи рангга айлантиради. Олтиннинг шундай мазмунда ишлатилганлигини Зайд Заҳҳобнинг фирибгарликларидан яққол кўрамиз.
“Сабъаи сайёр” достонининг учинчи куни, яъни душанба куни.
Бу ерда энди ҳамма нарса яшил рангда ифодаланган. Баҳромнинг қадамранжида қилган жойи Яшил қаср. Учинчи иқлим шоҳи томонидан қурилган. Бу иқлим ҳомийси яшилранг нур таратувчи ойдир. Душанба куни ҳам унинг номи билан боғлиқ. Қасрдаги маликанинг кўриниши, кийган либослари яшилдир. Унинг қомати ҳам сарв дарахти сингари яшил.
Баҳром ҳам яшил рангга кирган. Шароб бадиий восита орқали яшил рангга ўхшатилган. У яшилранг билан жилоланадиган зилол суви билан қиёсланади. Жом ҳам яшил, зумрад рангида. У Хизр ичган ҳаёт булоғига ўхшатилади.
Баҳром сешанба куни тўртинчи қасрда вақтини ўтказади.
Бу ерда ҳамма нарса қизил ранг орқали ифодаланган, қизил рангга хос бўлмаган сўзлар ҳам қизилга мослаб тасвирланган. Баҳром дам оладиган жой — Қизил қаср. Тўртинчи иқлим шоҳи томонидан қурилган. Бу иқлим қизил рангли сайёра Баҳромга мансуб. Марс сешанба куннинг ҳомийси ҳисобланади.
Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” достонининг кейинги ҳикояси чоршанба куни билан боғланган.
Бу ўринда шоир ҳамма воқеа ва ҳодисаларни кўк ранг билан безайди. Қаср кўк, унинг гумбази ҳам мовий. Бешинчи иқлимнинг ҳомийси Меркурий сайёраси бўлганлиги учун у ҳам кўк. Чоршанба кунининг рамзий ранги кўк. Баҳром кўк қасрга мовий ранг либос кийиб киради. Унинг атрофидаги ҳамма нарсалар ҳам кўк рангда.
Кейинги кун ҳикоясини Навоий сандал қасрида гапиради:
“Пайшанба куни Баҳромнинг сандал осо хилъат била гулшани сандал бўйда ором тутуб сарви сандал насим билан бодаи сандали шамим ичмак ва ул сандаллар лахлахасидан димоғи муаттар бўлуб кўзи уйқу майли қилмоқ”.
Сандал ҳиди таралиб турувчи гулшан олтинчи иқлим шоҳи томонидан қурилган Сандал қасрдир. Бу иқлимнинг ҳомийси Юпитер сайёрасидир. У пайшанба куни билан боғланган. Баҳром ҳам мана шу сандал рангига мослашиб кийинган. Ҳатто Баҳромнинг руҳий ҳолати ва воқеаларнинг кечиши ҳам сандал рангига ҳамоҳангдир.
Еттинчи — оқ рангга бағишланган бобнинг сарлавҳаси қуйидагича ифодаланган:
“Одина куни Баҳромнинг кофурий асвоб била зулфи кофурий либос била тахти тож узра жоми биллуридан бодаи кофур мижоз ошом қилғони ва ул кофур корликдин ҳижрони ўти таскин топиб ўз ғизолаи мушкбуйидин хабар топқони”.
Алишер Навоий оқ ранг орқали Дилоромнинг Баҳромга бўлган пок севгисини тасвирлайди.
Хулоса ўрнида айтганда, ранглар тимсоли асарнинг бошланишидан то охиригача маълум эстетик тартибда баён этилиб, мақсад бадиий воситалар орқали янада чуқур қилиб ўқувчига тақдим этилган.

Саидбек ҲАСАНОВ,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги
давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор.


Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года