A+ R A-

Абадият гулшани

АБАДИЯТ ГУЛШАНИ

Буюк гуманист шоиримиз фаолияти ва ижодига теран назар ташласак, унинг даҳоси ижтимоий ҳаётнинг, мафкура ва маданиятнинг барча соҳаларини қамраб олганидан ҳайратга тушамиз.

Ислом КАРИМОВ

Таҳлил

«...КЎНГУЛ ТОЛПИНУРИ АЖАБ ЭМАС»
Навоий ташбеҳлари ҳамиша ўзининг ҳаётийлиги билан ажралиб туради: у теварак-атрофдаги ҳамма кўриб, лекин кўпчилик эътибор бермайдиган нарса-ҳодисалардан ўз фикрини гўзал ва таъсирчан шаклда ифодалаш учун фавқулодда ажойиб ва оҳорли қиёслар, ўхшатишлар топади.
Айтайлик, шоир ишқинг ўтида бутун жисму жоним куйгани учун кўнгилнинг кўкрак қафасини синдириб чиқишга уриниши ҳайрон қоладиган ҳодиса эмас, деб ҳарчанд оҳу фарёд чекмасин, бу ҳолатини уйига ўт тушган кишининг ўзини ҳар ёққа уришига ўхшатмаса, унчалик таъсирли чиқмас эди:
Жисмим агар куяр, кўнгул толпинури ажаб эмас,
Кимки уйига тушса ўт, йўқ ажаб изтироб анга.

Алишер Навоий муболаға санъатидан ҳам маҳорат билан фойдаланади. Шоир тасвир жараёнида баъзида у ёки бу нарса-ҳодисанинг асл ва табиий ҳолатини катталаштириб ёки кичрайтириб олади, яъни таърифни ҳаддан ташқари юксакка кўтаради ёки ерга уриб юборади. Бу усул муболаға деб аталиб, унинг уч тури фарқланади. Агар шоирнинг ушбу даъвоси ақлу одатга мувофиқ бўлса, бундай муболаға мақбул ҳисобланади ва таблиғ дейилади. Агар даъво ақлга сиғса-ю, одатдан ташқари бўлса, унга иғроқ дейилади. Агар даъво одатдан ташқари бўлиб, ақлга ҳам сиғмаса, ғулув деб юритилади. ўулув ҳаддан ўтмоқ маъносини билдиради. Навоий ижодида муболағанинг барча турларига дуч келиш мумкин.  Мисол учун, у маҳбубамни кутиб, тонг отгунча кипригимга уйқу қўнмади, деса, бу гапга ҳамма ҳам ишонади:
Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Бу муболағанинг таблиғ турига мисол бўла олади. Лекин шоир ушбу ҳижрон кечасини ногаҳон туш кўрсам, унинг даҳшатидан заҳрам (ўт пуфагим) ёрилиб, ўлган бўлар эдим дер экан, бу даъво ақлга сиғса ҳам, одатдан ташқари. Демак, бу иғроқ ҳисобланади:
Ушбу ҳижрон кечасин туш кўрсам эрди ногаҳон,
Ўлгай эрдим ваҳмдин, албатта, заҳрам ёрилиб.

Шоир ижодида муболағанинг “Тоғни дашт қилиб, даштни тоғ айлади дардим” қабилидаги ғулув тури кўпроқ учрайди:
Бўлубтур заъфим ул янглиғки, боссам мўрни ўлмас,
Вале ул жисмим узра чиқса, дардидин чиқар жоним.

“Шунчалик заифлашибманки, чумолини боссам ҳам, у ўлмайди, лекин чумоли устимга чиқса, оғирлигидан жоним чиқади”.
Албатта, одам боласининг бу даражада заифлашиши одатдан ташқари, ақлга ҳам тўғри келмайди. Байт орқали шоир ишқ дастида ҳаддан ортиқ ранжу азоб чекиб, ожизу нотавон бир аҳволга тушганлигини муболаға йўли билан билдирмоқда.
Навоий ижодида ташхис санъатига ҳам кўп дуч келамиз. Ташхис деб илми бадеъда шахслантириш, яъни табиатдаги воқеа-ҳодисаларни жонлантириб, уларга инсонга хос хусусиятларни нисбат беришга айтилади.
Янги ойни қошинг гўё қулум дебтур ҳилол отлиқ,
Қади таъзим учун хамдур бўлуб бу нуктадин мамнун.

“Қошинг янги ойни Ҳилол отлиғ қулим деганига у бу илтифотдан мамнун бўлиб, таъзим учун қаддини хам қилибди”.
Бу ерда ҳилол жонлантирилиб, инсонга ўхшаб таъзим қилдирилмоқда. Айни пайтда, байтда ҳусни талил санъати ҳам мавжуд: ҳилолнинг эгиклигига унинг маъшуқа қошига таъзим қилаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Қуйидаги байтда эса сабо жонлантирилиб, у ғунчанинг ёқасини йиртиб, қўйнини ҳарчанд ахтармасин, маҳбубанинг жонбахш каломидек сўз гавҳарини топмаганлиги айтилаяпти:
Каломинг гавҳаридек топмамиш, гарчи сабо илги
Ёқасин ғунчанинг йиртиб, нечаким қўйнин ахтармиш.

Маълум бўладики, Алишер Навоий ижодида бадиий санъатлардан холи шеър тугул, байт ҳам йўқ экан. Шоир маҳоратининг юксаклиги ҳам, асарларининг бадиий баркамоллиги ҳам шунда.

Эргаш ОЧИЛОВ,
филология фанлари номзоди.

Фахр

ЖАҲОН ТАН ОЛГАН СИЙМО
Алишер Навоийнинг асарлари ўнлаб хорижий тилларда, жумладан, форс, итальян, немис, француз, голланд, венгер, чех, румин, польяк, ҳинд, турк, инглиз, рус, грузин, озарбайжон, туркман, қозоқ, тожик, татар, уйғур, украин, латиш, арман, эстон, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этиб келинмоқда.
Навоий вафот этгандан кейин ўтган давр мобайнида унинг асарлари форсий ва туркий халқлар орасида кенг ёйилди. Фузулий, Кишварий, Мирзо Фатали Охундов, Собир каби озарбайжонлик ижодкорлар, Озодий, Махтумқули ва Залилий каби туркман шоирлари, қозоқ ёзувчиси Абай Қўнонбоев, қорақалпоқ соҳибқаламлари Бердақ, Ажиниёз, татар шоирлари Абдулла Тўқай, Қаюм Носирий ва бошқалар Алишер Навоийни ўзларининг устозлари деб билиб, асарларидан таълим олдилар, айрим асарларига назира битдилар.

МЎЪЖИЗАКОР СЎЗЛАР
Халқимизнинг фахру ифтихори, маънавиятимизнинг сўнмас қуёши Алишер Навоий асарлари ҳақида қарийб олти асрдирки, ҳайратомуз фикрлар билдирилмоқда. Зеро, ҳазратнинг уммон қадар адоқсиз ижод намуналари шу қадар жозибалики, уларни ўқиб завқланмаслик мумкин эмас. Қуйида биз ул зот ҳақида ўзларининг илиқ муносабатини билдирган айрим хорижлик олимларнинг фикрлари хусусида тўхталамиз.
Биласиз, “Лисон ут-тайр”да Навоий қушлар тили орқали инсон кўнглидаги турфа феъллар ва руҳият иқлимларидан сўз очади. Уларнинг муроди “Семурғ” васли экани ҳам моддий ҳикояларда, ҳам тимсолий рамзларда гўзал баҳосини олган. Айни асар Навоий болалик пайтлари ўзи ёд олиб юрган Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”и асосида яратилган бўлса ҳам, унинг бетакрор улуғворлигини исботлаган академик Е. Э. Бертельс шундай дейди: “Шоирлар бўладики, бизни ўзларига таъзим қилишга мажбур қиладилар, лекин баъзан киши ижодкор олдида шошиб қолади: унинг даҳоси олдида таъзим қилиш билан бирга, уни инсон сифатида буюк муҳаббат билан севишни ҳам биздан талаб қилади. Мир Алишер Навоий ана шундай улуғ инсон ва шоир эди”.
Академик Н. И. Конрад “Лайли ва Мажнун”ни ўқир экан, ундан олган ҳайратини яширмай ёзади: “Шоирлар ўлим билан тугаган муҳаббат талқинида турли сўзларни қўллаганлар. Алишер Навоий бўлса:
Чун руҳ ила руҳ топти пайванд,
Бир маҳд аро ётқур ики фарзанд...
Жоноға ул фидо қилиб жон,
Бу жон берибон нечукки жонон.
Кирди ики жисм     бир кафанға,
Йўқ, йўқ ики руҳ бир баданға,

дея тасвирлайди. Навоийнинг ушбу мўъжизакор сўзлари Тристан ва Изольданинг, Уста ва Маргаританинг ўлими ва севгиси ҳақида ҳам айтилгандек гўё. Лекин мўъжизакорлиги шундаки, Алишер Навоий юқоридаги ифодани топиб айтган”.
Дарҳақиқат, Навоийни бугунги ҳаётимиз ва маънавиятимиз бутунлиги учун зарур бўлган шоир сифатида ўқишимиз керак. Чунки Навоий қалб меъмори ва буюк сўз заргари эди. Шундай экан, қалбимиз гўзаллиги, тафаккуримиз чарақлашида шоирлар султони асарларининг таъсири ва аҳамияти доимо беқиёс бўлиб қолаверади.

Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор.

Замондошлар хотираси

ДАРЁ ГАВҲАРИ
Улуғ амирнинг туркий девони султонлар, аслзодалар мажлиси безагидир. Навоси наво оҳангида ушшоқи бенаволарни тўғри йўлга солиб қўяди. Мухолифлар унинг қалами ғижирлашидан мағлуб, хусравоний оҳанги Султон Ҳусайнга маҳбубдир. Қандай яхшики, унинг овозаси турклар мамлакатидан Ҳижозгача... довруғи Нишопурдан Исфаҳонгача етди. Ажам мамлакати аҳли қулоғига бу садодан сирға тақиб, оламнинг ҳамма бурчаклари бу дарё гавҳари била тўлиб тошгандир. Тонг насими унинг хабарини Ироққа етказди ва Туби дарахти баргларини бу ниҳол шохчаларига ёпиштирди...

Давлатшоҳ САМАРҚАНДИЙ.

ТУЮҚЛАР
Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,
Қоши қаддимни жафодин ё қилур.
Мен вафоси ваъдасидин шодмен,
Ул вафо, билмонки, қилмас ё қилур?
***
Тийғи ишқинг ёрасидур бутмагон,
Дардини ҳар кимга ойтиб бутмагон,
Ҳажр саҳросидур оҳим ўтидин
Анда гул ёхуд гиёҳе бутмагон.
***
Ул пари ишқида бу девонани,
Эйки истарсен, келиб гулханда кўр.
Бир қадаҳ ул гулни хандон айлади,
Эй кўнгул, наззора қил, гул ханда кўр.

Ҳикоят

АДАБСИЗЛИК ЖАЗОСИ
Бир ҳинду ўзини турли мақомга солиб, кўп қизиқ ишлар ошкор этди. Бу масхарабоз ўз бошига кунгурали тож қўйди. Тож ва кийимларига тиллага ўхшаш сариқ ярқироқ модда — кимсон билан зарҳал берди. Унинг ёнида ноғора  чалувчи  ва  қўшиқ  айтиб  ўйин  тушувчи  бир  тўда  ҳиндлар бор эди. Улар  қўли  ва  бошларини  ҳиндларга хос бир йўсинда тебратиб, рақс тушар эдилар. Кўринишлари гўё бўстонга оройиш бергудек гўзал, жилвалари эса худди Ҳиндистон товусидек эди. Ана шу тарзда бу масхарабоз майдонда зўр ҳангома кўрсатди. Унинг атрофи бир гала бебошлар тўдасининг ғала-ғовури билан тўлди. Шу маҳал тартиб-интизомни назорат этувчи муҳтасиблар етиб келиб, бу даврадагилар ҳар ёққа қараб қочиб кетди. Ўша давранинг фирибгар ва мақтанчоғи бўлган ҳиндуни тутиб олишди. Унинг ноғораси билан тожини уриб синдиришди ва баданини яланғочлаб, дарра билан роса савалашди. Шу тарзда унинг “санъати” кишиларга ибрат бўлиб, ана шу хил қисмат унинг тожи учун “зийнат” бўлди.

«Лисон ут-тайр» (Насрий баёни)дан.

УСТОД ВА ИСТЕЪДОД
Навоий ижоди ҳамиша олиму фузалоларимиз учун нодир манба, битмас-туганмас илҳом чашмаси бўлиб келган. Таниқли адабиётшунос Нажмиддин Комилов ҳам шоирлар султони асарларига мурожаат этган, ғазалларига кўплаб шарҳлар битган эди.
Қуйида унинг Навоийнинг ёш истеъдодларга бўлган эътибори, ғамхўрлиги ҳақидаги мақоласини ҳавола этишни лозим топдик.
Мумтоз адабиётимиз бобокалони Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти, шахсий фазилатлари, иқтидор ва камолоти замондошлари учун намуна бўлганидек, бугунги ёш ижодкорларимиз учун ҳам ибрат мактабидир. Маълумки, Навоий жуда кўп ёш ижодкорларга раҳнамолик қилган. Ўнлаб истеъдод соҳиблари — шоир ва муаррих, рассом ва хаттотлар бу қуёшсимон зотнинг ҳиммати ва ҳамияти соясида вояга етганлар. Улуғ шоир истеъдод тарбияси борасида, таъбир жоиз бўлса, истеъдод педагогикасини ишлаб чиққан.
Истеъдодни таниш ва эътироф этиш йўллари, табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва абадий таъсир, рағбатлантириш ва талабчанлик, ахлоқий сифатлар ва унинг истеъдодга таъсири, ғоявий етуклик ва маҳоратни ўстириш каби масалалар Навоийнинг доим диққат-эътиборида бўлган.
Аллома устознинг бу борадаги қарашлари унинг “Мажолис ун-нафоис”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Насойим ул-муҳаббат” каби бир қатор асарларида, шунингдек, замондошлари асарларида ўз ифодасини топган. “Мажолис ун-нафоис”нинг учинчи ва тўртинчи мажлисларида ёш қаламкашлар ҳақида, ижод аҳлининг тарбияси хусусида сўз боради.
Хусусан, ёшларнинг шахсий хислатлари, савияси, одоб-ахлоқи, таҳсил кўрган-кўрмаганлиги устозни кўп қизиқтирган. Камтарлик, мулойимлик, хуштавозе бўлиш, меҳнатсеварлик, бурролик, ҳозиржавобликни ижодкорнинг фазилатлари, деб билган Навоий ялқовлик, паришонлик, жунунсифат юриш, кеккайиш, ҳавойилик, шаробхўрликка берилиш сингари ёмон одатларни қаттиқ қоралайди. Бу каби салбий хислатлар бир қанча ёш истеъдодларни нобуд этганлиги “Мажолис ун-нафоис” асарида қатор мисоллар билан кўрсатиб берилган. “Мавлоно Сафий... ҳушёрлик ва басе одамиваш ва ҳаё ва одоблиғ йигитдур. Аммо сархушликда ўзга моҳият бўлур, балки расвонамо бўлур эрди. Бу учурда тавбага тавфиқ бўлди. Умид улким, истиқоматга ҳам мувофиқ бўлғай”.
Навоий танқидига учраган салбий хислатлардан яна бири — дангасалик, истеъдодни истифода қила билмасликдир. “Мавлоно Нодирий яхши таъби бор, аммо кўп ландавурдир. Муддате фақир била мусоҳибат эрди, ўзин лавандлиғин забт қила олмади, яна ўз ишини кейинга юборди”. Шоир Кабулийнинг “димоғида парешонлиғ ва таврида лавандлиғ” бўлганлиги учун таҳсилни охирига етказмаган ва муддаосига эриша олмаган. Хоразмлик Жоний деган шоирнинг эса “Хеле жунун зотида борким, салоҳият касбига манеъдур, йўқ эрса ғаробатлиғ табъғинаси бор”. Мавлоно Кавсарий “табъида назм айтур қобилияти бор, машғуллиқ қилмас”.
Бундай ёшларнинг бир қисми Навоий ва Жомийнинг танбеҳларини қулоққа илиб, “туз йўлга” кирганлар, улуғ шоир бу ҳолни хурсандчилик билан қайд этиб, улар истиқболига умид билдирган.
Алишер Навоийнинг маданият ва маънавият, адабиёт тараққиёти учун қилган ишлари, ёш истеъдодлар тарбиясига ғамхўрлиги ҳозир ҳам аҳамиятли ва ибратлидир.

Fазал бўстони

НЕ НАВО СОЗ АЙЛАГАЙ...
(Мухаммас)
Оҳким, воламен ул  сарви хиромондин жудо,
Кўзларим гирёндур ул гулбарги хандондин жудо,
Бенаводур жон доғи ул ҳури ризвондин жудо,
Не наво соз айлагай  булбул гулистондин жудо,
Айламас  тўти  такаллум шаккаристондин  жудо.
Ваҳ, неча ишқ ўти жисмимда сўнгакни ўртагай.
Кўнглагим  жайбиға ўт  солғай, этакни ўртагай,
Телбалик оҳим самодин то самакни ўртагай,
Ул  қуёш  ҳажрида  қўрқармен фалакни  ўртагай
Ҳар шарореким бўлур  бу ўтлуғ афғондин жудо.
Қилғали  маҳрум  жоми  васлдин  жонон  мени,
Талхком этмиш тириклик бодасидин жон мени,
Ҳар замоне ўлтурур ғам заҳридин ҳижрон мени,
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй даврон, мени
Айлагил жондин жудо қилғунча жонондин жудо.
Бағрима, эй хори ҳижрон, ҳар замон санчилмағил,
Эй кўнгул, юз жавр етса, кўзга ғайрин илмағил,
Минг бало юзланса, эй жон, ёрдин айрилмағил,
Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил
Ёрни мендин жудо ёхуд мени ондин жудо.
Жонни андоқ ҳуснунг ўти шуъласи кул қилдиким,
Жисм ўтундек шуълайи рухсориға ёқилдиким,
Шарҳи ҳолиға аларнинг бу рақам ёзилдиким,
Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ они шамъи шабистондин жудо.
Ошиқеким, бўлғай ул бир шўхи гулрухсорсиз,
Уйла булбулдурки қолмишдур гулу гулзорсиз,
Вой ул бедилғаким, қолғай тирик дилдорсиз,
Бир иёсиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз  банда султондин жудо.

ФАРДЛАР

Етар чу ризқинг, агар хорадур, вагар ёқут,
Ўзунгга юклама андуҳ тоғин, истаб қут.
* * *
Халиқ ўлғон сахийдин элга бўлди икки бахшойиш,
Ҳам эҳсонидин оройиш, ҳам ахлоқидин осойиш.
* * *
Кўнгулга футур ўлмайин, роз очилмас,
Садаф гар бутун бўлса, гавҳар сочилмас.

Эътироф

МАКОН ВА ЗАМОН БИЛМАС ДАҲО
Отам, йирик навоийшунос олим Ҳамид Орасли Ўзбекистонга ҳар йили ташриф буюрардилар. Юртингизни табаррук қадамжо, улуғ мамлакат, дея алоҳида эъзоз ва ифтихор ила тилга олардилар. Не бахтки, менга ҳам мана шундай муаззам Ватанингизга келиш кўп бора насиб этган. Улуғ Навоий ижодига бўлган қизиқиш туфайли кўплаб ўзбек олимлари билан танишдим, дўстлашдим... Алишер Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини бетакрор санъаткорлик билан тараннум этган буюк ижодкордир. Шу жиҳатдан у жаҳон адабиётининг энг ёрқин сиймолари Хомер ва Данте, Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган. Улуғ озарбайжон шоири Фузулий Алишер Навоий ижодига юксак баҳо бериб, уни “Султони салотини шуъаро” деб атагани бежиз эмас. Мана, беш асрдан зиёд вақт ўтибди ҳамки, қомусий билимларни ўзида мужассамлаштирган бу улуғ мутафаккир шоирнинг жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарлари янгидан-янги авлодларга хизмат қилиб келмоқда. Шунинг учун ҳам Навоий асарлари макон ва замонни тан олмай келмоқда.

Нушоба ОРАСЛИ,
Озарбайжон Фанлар академияси Низомий номидаги Адабиёт институти профессори.

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года