A+ R A-

Расмий

Спорт ва соғлом оила — соғлом бола ва соғлом жамият асоси

Президентимиз Ислом Каримов раислигида 28 январь куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мазкур Жамғарма фаолият бошлаганидан буён ўтган йилларда эришилган ютуқлар, бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти ва натижалари хусусида атрофлича фикр юритди.
— Ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда, — деди Президентимиз. — Шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Фарзандларимизнинг иродаси тобланмоқда, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгармоқда.  
“Cоғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”. Президентимиз Ислом Каримов томонидан  мустақиллигимизнинг илк йилларида айтилган бу сўзлар мамлакатимизнинг истиқболдаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини белгилаб берган. Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки кунларидан узоқ истиқболни кўзлаб, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт, деган эзгу ниятни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.
Истиқлол йилларида бу олижаноб мақсад йўлида миқёси ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун барча зарур шароитлар яратилди.
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизими йўлга қўйилди. Болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига айланди.    
2013 йилда болалар спорти объектлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилди. 113 спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу объектларнинг 132 таси қишлоқ жойларда ишга туширилди.
Бу мақсадлар учун 210 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Президентимиз спорт мажмуалари, мусиқа ва санъат мактабларини ҳар томонлама сифатли қуриш, бунинг учун ихтисослашган пудрат ташкилотларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Болалар спорти объектларини қуриш ҳеч қачон тўхтамайди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Азиз болаларимиз камол топадиган бу мажмуаларни шундай чиройли ва мустаҳкам этиб қурайликки, бу биздан ўзига хос бир эсдалик, уларга меҳримизнинг ифодаси бўлсин, деди давлатимиз раҳбари.     
Барча спорт мажмуалари замонавий спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Бугун мамлакатимизда 2 миллионга яқин бола спортнинг
30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Битта спорт иншоотидан ўртача кунлик фойдаланиш вақти 9,5 соатни ташкил этмоқда.
— Болалар учун барпо этиладиган ҳар бир иншоотни қалб қўримизни бағишлаб қуришимиз керак. У ерда шуғулланган болалар шундай имкониятлардан мамнун бўлиб, эзгу мақсад ва интилишлар билан яшасин. Зеро, фарзандларимизни хурсанд қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш бизнинг бурчимиз, — деди Президентимиз.
Болалар спорти объектлари, асосан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 116 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатимизда қизларни спортга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар учун миллий менталитетимизга хос кийимлар ишлаб чиқарилмоқда, аёл мураббий ва ўқитувчиларни тайёрлашга кенг ўрин берилаётир.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўқувчи қизларга спорт кийимлари топширилмоқда. Бу қизлар ўртасида спортнинг янада оммалашиши, уларнинг соғлом, бақувват ва дуркун бўлиб улғайишида муҳим омил бўлмоқда. Бугун юртимизда 842 минг нафарга яқин қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Давлатимиз раҳбари қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб қилиш зарурлигини, бунинг учун маҳалла ва хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллигини ошириш, оилалар билан доимий ишлашни янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Оила қачон бахтли бўлади? Аёл бахтли бўлса! Аёл қачон бахтли бўлади? Фарзандлари соғ-саломат бўлса! Бунинг учун оилада соғлом муҳит шаклланиши, аввало, ота-она спорт билан шуғулланиши керак, деди Ислом Каримов.
Фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайишида жойларда ташкил этилаётган турли спорт мусобақалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар орасида спортга қизиқиш, соғлом бўлишга интилиш кучайиб бормоқда.
Уч босқичли спорт тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
2013 йилда ҳам мамлакатимиз спортида улкан муваффақиятларга эришилди. Пойтахтимизда ўсмирлар ва қизлар ўртасида оғир атлетика бўйича IV жаҳон чемпионати, дзюдо бўйича Гран-при туркумидаги халқаро мусобақа, бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати юксак савияда ўтказилди.
Олти ёшли шахматчимиз Исломбек Синдоров Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритди. Нафиса Мўминова ўзбек қизлари ўртасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.
Оғир атлетикачи Руслан Нурудинов Польшада ўтказилган жаҳон чемпионатида, дзюдочимиз Яҳё Имомов Францияда ўтган “Катта дубулға” туркумидаги халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллади.
Президентимизнинг 2013 йил 3 декабрдаги Фармонига мувофиқ, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ истеъдодли ёшлар давлатимизнинг юксак  мукофотлари билан тақдирланиши мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.  
Бу йил “Баркамол авлод” мусобақаларининг финал босқичи Наманган вилоятида ўтказилади. Шу муносабат билан бу ерда бир қатор янги спорт мажмуалари қурилмоқда, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинган жорий йилда  бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, оммавий спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
— 2014 йилни мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилдик. Бу масалага янгича қарашни, масъулиятни янада оширишни талаб этади. Бу ҳақда сўз борганда, халқимиз қалбидан чуқур жой олган, эзгу даъватга айланиб бораётган бир шиорни эслаш ўринли, деб биламан. Яъни соғлом бола — аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Спорт ана шундай оилаларни шакллантирадиган энг яхши воситалардан биридир. Спорт билан шуғулланган йигит-қизлар соғлом ва бақувват, фикри тиниқ бўлади. Келгусида фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялайди. Бундай оилалар кўпайса, бутун жамиятимизнинг соғлом муҳити янада мустаҳкамланади, — деди Президентимиз.
Мажлисда Ҳомийлик кенгашининг 2013 йил 15 март куни бўлиб ўтган йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича таҳлил этилди. Спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозлаш, спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, малакали мураббийлар, айниқса, аёл спорт устозларини тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш, қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган спорт анжомларининг турини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилаш, шу соҳада фаолият олиб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига доимий эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда 2014 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўриб чиқилди. 115 спорт объекти ва 48 болалар мусиқа ва санъат мактабини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, уларни зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу борада йўл қўйилаётган айрим камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари ҳам кўриб чиқилди.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси бугун бошқаларнинг ҳавасини тортаётган ташкилотга айлангани барчамизга мамнуният бағишлайди. Бу ҳаракат самараларидан баҳраманд бўлаётган болалар ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етмоқда. Бу халқимиз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмагани, ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигининг яна бир ҳаётий тасдиғидир, деди пировардида Президентимиз.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р. Азимов, Бош вазир ўринбосарлари
Э. Боситхонова, Б. Зокиров, А. Икромов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти М. Усмонов, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахбороти тингланди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар САМАДОВ,
ЎзА мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года