A+ R A-

Расмий

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашганлигига ва унинг ривожланишида хатарлар кучайганлигига қарамай, замонавий, рақобатбардошли ва диверсификациялаштирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга йўналтирилган, мамлакатда қабул қилинган ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилиши натижасида 2013 йилда иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётни модернизациялаш таъминланганлиги қайд этилди.
Жаҳонда умумий эътироф этилган ривожланишнинг “ўзбек модели” амалга оширилишида Ўзбекистоннинг ютуқлари ва истиқболлари, жаҳон иқтисодиётининг чуқур ва давомли инқирози шароитларида иқтисодиётни инқирозга қарши бошқариш бўйича кўрилаётган самарали чора-тадбирлар нуфузли иқтисодчи олимлар ва халқаро молиявий институтлар томонидан юқори баҳоланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2013 йил сентябрь-октябрь ойларида мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармаси миссияси бошлиғининг баёнотида глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашганлигига қарамай, 2013 йилда Ўзбекистонда кучли бюджет ва ташқи позициялар, барқарор банк тизими ва давлат қарзининг паст даражаси барқарор макроиқтисодий натижаларга эришишга кўмаклашаётгани давом этаётганлиги, иқтисодий ривожланиш прогнозлари эса яқин истиқболда ижобийлиги қайд этилди.
2013 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари — 8,8 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми — 6,8 фоизни ташкил этди, қурилиш ишлари ҳажми — 16,6 фоизга, хизматлар ҳажми — 13,5 фоизга, чакана товар айланмаси — 14,8 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 6,8 фоизни ташкил этди.
Саноат, ижтимоий, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва технологик жиҳатдан модернизациялаш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг 11,3 фоизга ўсишини таъминлади. Хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, уларнинг 72 фоиздан ортиғи тўғридан-тўғри инвестициялардир. Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 2,7 миллиард АҚШ долларига яқин бўлган 150 та ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспорт қилувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг рақобатли устунликларини амалга ошириш, жаҳон бозори конъюнктураси ўзгарувчанлигига қарамай, экспорт ҳажмининг 10,9 фоизга ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг сезиларли ижобий сальдосини таъминлади.
Республиканинг банк тизими барқарор фаолият кўрсатмоқда, банклар капиталининг етарлилиги минимал халқаро стандартлардан 3 баравар ортиқ бўлган даражада сақланиб қолмоқда, унинг ликвидлиги эса энг юқори талаблардан 2,2 баравар ортиқдир. Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга кўпайди. Банклар кредит портфели жами суммасининг 80 фоизга яқини ички манбалар ҳисобига шакллантирилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, модернизациялаш ва интенсивлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар аграр секторда сифат ўзгаришларини таъминламоқда. Ноқулай об-ҳаво шароитларига ва сув тақчиллигига қарамай, ўтган йилда барча асосий қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича юқори ҳосил етиштирилди ва йиғиб олинди — 3,36 миллион тонна пахта хом ашёси, 7,8 миллион тонна ғалла, 8,4 миллион тонна сабзавот маҳсулотлари ҳосили олинди.
Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш тизимли чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш кичик бизнеснинг янада ривожланишига кўмаклашди. Кичик тадбиркорлик соҳасида 26 мингдан зиёд янги субъектлар ташкил этилди, унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши эса изчил ўсмоқда.
Аҳоли бандлигини оширишнинг ҳар йиллик дастурини бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар 2013 йилда 970 минг нафарга яқин кишининг, улардан 60,3 фоиздан ортиғини қишлоқ жойларда ишга жойлаштирилишини таъминлади.
Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва динамик ривожланиши туфайли аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатининг изчил ўсиши таъминланмоқда. 2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса — 16 фоизга ўсди.
Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни мукаммал таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратди ва 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажаришга доир дастурий вазифаларга батафсил тўхталди.
Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ижро этувчи ҳокимиятнинг маҳаллий органлари раҳбарлари олдига 2014 йилда мамлакат иқтисодий ривожланишининг барқарор юқори суръатлари сақлаб қолинишини таъминлашга, инвестиция жараёнлари такомиллашуви ва ўсишига, саноатда муҳим юқори технологияли ва замонавий объектлар ва қувватларни ишга туширишга, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашнинг, жаҳон бозорига кириб боришнинг муҳим омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар қўйилди. Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълим жараёнларини янада ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгиланган дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, бошланғич таълим сифатини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, болалар тарбиясида жамоат ташкилотларининг ролини кенгайтиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисида  қўйилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари юзасидан қарор қабул қилинди. Қарорда 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар белгиланди.

(ЎзА).
 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года