A+ R A-

Расмий

Япония делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирининг ўринбосари, Парламентнинг вакиллар палатаси депутати Йоко Камикава хоним раҳбарлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Хуршид Мирзоҳидов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги алоқалар кўплаб йўналишларда, жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам жадал ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро муносабатлар 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланмоқда. Хусусан, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасидаги ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастурида ахборот ресурслари ва тармоқларини жадал тараққий эттириш, давлат бошқарувининг барча жабҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, телекоммуникация тармоқларини такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 сентябрда имзоланган «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастурий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.
Меҳмонларга мамлакатимизда ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар тармоғини изчил ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
— Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаймиз, — деди Йоко Камикава. — Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури ишлаб чиқилгани ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани эътиборга лойиқ. Япония компаниялари Ўзбекистонда рақамли телевидениени жорий этишда фаол иштирок этмоқда. Бундай ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш ва табиий офатларни бартараф қилиш соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш тарафдоримиз.
Музокарада Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, ахборот-коммуникация технологиялари тармоғида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, бу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.
Япония делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам музокара ўтказди. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

 

Газета ҳақида

“ХАЛҚ СЎЗИ” — БУ

* мамлакатимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги энг тезкор, холис ҳамда ишончли ахборотлар;

* республикамиздаги йирик корхоналар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва бошқа тадбирларга бағишланган ранг-баранг репортажлар;

* иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа ривожи хусусидаги таҳлилий мақолалар;

* фан, санъат, спорт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишларида муваффақиятларга эришаётган замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги ҳикоялардан баҳраманд бўлиш дегани;

Календарь

Об-ҳаво

 

 

 

Издается с 1 января 1991 года